Жаҳон | 21:19 / 17.03.2021
28627
2 дақиқада ўқилади

"Бошқа йўл йўқ". Тўқаев қозоғистонликларга мурожаат билан чиқди

Тўқаев эпидемиологик вазиятга тўхталиб, аҳолининг ҳушёрлиги сусайганини таъкидлади.

Фото: akorda.kz

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев коронавирусга қарши эмлаш борасида мамлакат аҳолисига мурожаат билан чиқди.

Тўқаев Олмаота шаҳрини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда беқарор эпидемиологик вазиятга тўхталди ва аҳолининг ҳушёрлиги сусайганини таъкидлади.

 "Ҳамюртларимизни яна бир марта ҳушёрликка, барча санитария нормаларига риоя қилишга, коронавирусга қарши оммавий эмлашни қўллаб-қувватлашга чақираман. Ҳукумат ва ҳокимликлар оммавий эмлашга тайёр бўлиши лозим. Биз 1 февралда эмлашни бошлаганмиз. Аммо ҳозиргача тўлиқ эмланганлар сони 18 мингдан ортиқроқни ташкил этмоқда. Режа бўйича 6 миллиондан ортиқ кишини эмлаб бўлишимиз керак эди. Жамоавий иммунитетга эришмасдан туриб касалликни енга олмаймиз ва иқтисодиётни тиклай олмаймиз", - деди Тўқаев.

У ҳукуматга бу йўналишдаги ишларни жадаллаштиришни топширди.

"Бу масалани назорат қиламан. Фуқароларга яна бир бор мурожаат қиламан, эмлашга ижобий қараш керак, бошқа йўл йўқ", - деди Қозоғистон президенти.

Охирги маълумотларга кўра, Қозоғистонда коронавирус юқтирганлар сони 226,7 мингдан ошган, 2800дан ортиқ бемор вафот этган. Сўнгги суткада касаллик юқтириш билан боғлиқ 1100га яқин ҳолат қайд этилган.

Мавзуга оид