Урганч давлат университетида 500 ўринли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди
Урганч давлат университетида замонавий типдаги 500 ўринли талабалар турар жойи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур талабалар турар жойи қурилишида университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан жиҳозлаш ишлари ҳам олиб борилди.
Кеча, 18 март куни мазкур талабалар турар жойининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Хоразм вилояти жамоатчилиги, Сенат аъзолари, фахрий устозлар, университетнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар қатнашди.
Тадбирни Урганч давлат университети ректори Баҳром Абдуллаев очиб берди. Ректор бугунги кунда олий таълим тизимидаги сезиларли ўзгаришлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирди. Шунингдек, Урганч давлат университетида таҳсил олаётганларнинг сони кескин ўсиши натижасида талабалар турар жойига эҳтиёж ортганини айтиб, мазкур талабни қондириш мақсадида бунёд этилган ушбу бинони барпо этишда ўз ҳиссасини қўшган барча инсонларга миннатдорчилик билдирди.
Шундан сўнг, тадбир меҳмонлари вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Санъатбек Салаев, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тажиев сўзга чиқиб, бутун университет жамоасини, талаба-ёшларни мазкур турар жойнинг очилиши билан, кириб келаётган Наврўз айёми билан табриклади.
Мазкур бино қурилиш жараёнлари аввалида тамал тошини қўйган фахрий устоз, профессор Отабой Жуманиёзовичнинг табриги ва эзгу ниятлар билан қилган дуоларидан сўнг лента қирқиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари талабалар турар жойидаги шароитлар билан танишиш мақсадида бино бўйлаб саёҳат қилдилар.
Талабалар турар жойининг ҳар қаватида 2 тадан 72 ўринли ошхона, маданий дам олиш хоналари ва ахборот ресурс марказлари, хориждан келган профессор-ўқитувчилар учун меҳмонхона типидаги 25 кишилик алоҳида яшаш жойи мавжуд.
Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида бинонинг ертўла қисмида коворкинг маркази, ахборот технологиялари маркази, ҳунармандчилик марказлари фаолияти ҳам йўлга қўйилди.
Буларнинг барчаси ёш авлоднинг муносиб шарт-шароитларда таълим-тарбия олишига қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Урганч давлат университети ахборот хизмати