Ўзбекистон | 13:01 / 20.03.2021
7686
3 дақиқада ўқилади

МИБ: Зафаробод тумани ҳокимлигининг банкдаги ҳисобрақамига банд солинган

Ўзбек-турк қўшма корхонаси олдидаги қарздорликни ёпиш мақсадида Зафаробод туман ҳокимлигининг уч дона «Nexia-3» автомашинаси аукционда сотилган. Ҳозиргача 85 млн сўм қарздорлик сўндирилган. Аммо, ундирилиши керак бўлган сумма 500 млн сўмдан ортиқлигича қолмоқда. Ҳокимлик ҳисобрақамига банд солинган.

Kun.uz’да Зафаробод туман ҳокимлиги 1 йилдан буён Ургутдаги қўшма корхонанинг қарийб 600 миллион сўм пулини бермаётгани ҳақида мақола эълон қилинганди. Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси мазкур мақола юзасидан муносабат билдирди.

Унда ёзилишича, Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 2020 йил 22 октябрдаги ижро варақасига асосан қарздор Зафаробод туман ҳокимлиги ҳисобидан ундирувчи «Urgaz Carpet» МЧЖ фойдасига 599,7 млн сўм ундириш белгиланган бўлиб, мазкур ижро ҳужжати МИБ Зафаробод туман бўлими иш юритувига қабул қилинган.

Ижро ҳужжати юзасидан олиб борилган ҳаракатлар натижасида, қарздорга тегишли бўлган бир дона «Газ 3110» ва уч дона «Nexia-3» автомашинаси хатланиб, реализация қилиш мақсадида онлайн аукцион савдосига сотувга чиқарилган.

Аукцион савдоларида сотилган мулклардан тушган маблағлар қонун талабига кўра Зафаробод туман ҳокимлиги қарз бўлган корхона ва ташкилотлар ўртасида тақсимланган.

Жумладан, Зафаробод ҳокимлигининг уч дона «Nexia 3» автомашинаси сотувидан тушган пул маблағидан 2021 йил 17 март куни 67,7 млн сўм ва 18 март куни 17,6 млн сўм, жами 85,3 млн сўм корхона ҳисобрақамига ўтказилган.

Ҳозирда «Газ 3110» автомашинасини онлайн аукцион савдосида 20 509 518 сўмга сотиш бўйича аукцион савдолари ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, МИБ Зафаробод бўлими томонидан 2021 йил 11 март куни Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 13 майдаги 120-сонли қарори, Бюджет кодекси 129-моддаси ҳамда «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонун 21-моддаси 6-бандига мувофиқ, Зафаробод туман Ғазначилик бўлимига ундирувни давлат бюджети маблағларига қаратиш тўғрисида талабнома берилган. Шунингдек, туман ҳокимлигининг банкдаги ҳисобварағига МИБ Зафаробод бўлими томонидан банд солингани билдирилди.

Kun.uz мазкур муносабатда келтирилган фактларни аниқлаш мақсадида «Urgaz Carpet» МЧЖ раҳбарияти билан боғланди. Улар МИБ Зафаробод бўлими томонидан ўз ҳисобрақамларига 85 миллион сўм ўтказиб берилганини тасдиқлашди.

Мавзуга оид