Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегияси лойиҳаси эълон қилинди
Вазирлар Маҳкамасининг “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қайд этилишича, хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг даражада давлат ва жамият бошқарувига оид долзарб масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишдаги иштироки етарлича таъминланмаяпти, уларни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир ишларга жалб қилиш ҳолати сустлигича қолмоқда.
“Хотин-қизларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарувидаги фаолияти тўғрисида жамиятдаги салбий қарашлар эса уларнинг сиёсий жараёнларда ўз ғояларини илгари суришига тўсқинлик қилмоқда. Аксарият ҳолларда хотин-қизларга иқтисодий аҳамиятга эга бўлмаган ва ҳақ тўланмайдиган уй хўжалиги ишлари юклатилмоқда.
Таълимда хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида кескин тафовутлар кузатилиб, бугунги кунда умумий ўрта таълим ўқитувчиларининг 70 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этмоқда.
Республика ҳудудларида, айниқса қишлоқ жойларда соғлиқни сақлаш хизматлари сифати пастлиги, хусусий тиббий хизматлар ривожланмагани, эр ва хотин ўртасида оилани режалаштириш бўйича тиббий маданиятнинг етарли эмаслиги оналар ва гўдаклар ўлимининг сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Ташқи ва ички миграциянинг гендер жиҳатлари ва унинг хотин-қизлар ҳамда эркакларга, уларнинг оиласи ва фарзандларига таъсири бўйича тадқиқотлар етарлича олиб борилмаяпти, мазкур соҳада аҳоли учун яратилган имкониятлар, хотин-қизлар ҳуқуқлари ва меҳнат мигрантларини ҳимоя қилиш механизмлари тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишлари лозим даражада ташкил қилинмаяпти.
Қайд этилган муаммо ва камчиликлар сақланиб қолиниши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли таъминлаш имкониятини чеклабгина қолмасдан, мамлакатнинг халқаро майдондаги имижига, унинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига салбий таъсир кўрсатмоқда”, дейилади ҳужжатда.
Лойиҳа билан сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш, давлат хизмати, таълим, илм-фан ҳамда соғлиқни сақлаш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий соҳалар, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбиясида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш, гендер статистикаси юритилишини такомиллаштириш, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда гендер тенглигига эришиш стратегиясини 2021-2023 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ҳамда мақсадли кўрсаткичларни ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
Билдирилишича, лойиҳа қабул қилиниши гендер стратегиясининг тўлақонли амалга оширилишини таъминлаш, хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда тенгсизликни бартараф этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини ошириш имконини беради.
Мавзуга оид
13:50 / 01.11.2024
"Ўзбекистон – 2030" стратегияси хитой тилида нашр этилди
07:22 / 28.08.2024
ОТБ Ўзбекистон билан янги ҳамкорлик стратегиясини бошлади
10:00 / 13.05.2024
БМТ вакили: Ўзбекистоннинг наркотикларга қарши миллий стратегияси гиёҳвандликка қарши кураш соҳасида «муҳим қадам»
14:52 / 22.03.2024