Афғонистон президенти АҚШ мудофаа вазири билан музокара ўтказди
Ллойд Остиннинг Кобулга ташрифи Вашингтон ва “Толибон” ҳаракати ўртасидаги келишмовчиликлар фонида амалга оширилди.
Афғонистон президенти Ашраф Ғани Кобулга ташриф буюрган АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Ariana News телеканали хабар бермоқда.
Телеканалнинг билдиришича, Афғонистон раҳбари девонхонаси учрашув тафсилотларини келтирмаган.
Остиннинг Кобулга ташрифи Вашингтон ва “Толибон” ҳаракати ўртасидаги келишмовчиликлар фонида амалга оширилди. “Толибон” Доҳада эришилган келишувга мувофиқ Афғонистондан хорижий қўшинларнинг олиб чиқиб кетилишини талаб қилмоқда.
Аввалроқ Пентагон раҳбари АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетиш муддати бўйича ҳозирча якуний қарор қабул қилмаганини айтганди.
Остиннинг сўзларига кўра, бу масала бўйича маъмуриятда “жараён давом этмоқда ва президент ушбу қарорни қабул қилиш устида ишламоқда".
2020 йил 29 февралда президент Доналд Трамп бошчилигидаги аввалги АҚШ ҳукумати ва "Толибон" ҳаракати Доҳада тинчлик келишуви имзолаганди. Келишувга кўра, АҚШ, унинг иттифоқчилари ва коалиция 14 ой ичида Афғонистондан барча қўшинларини олиб чиқиб кетиш мажбуриятини олганди. Толиблар эса ўз навбатида Афғонистон ҳудудидан АҚШ ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳаракатлар учун фойдаланмасликка кафолат берганди.
Аммо Пентагон Афғонистондан қўшинларнинг олиб чиқиб кетилишини хавфли деб ҳисобламоқда.
Мавзуга оид
17:22
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
13:22 / 13.11.2024
Пентагон ҳужжатларини ошкор этишда айбланган шахс 15 йилга қамалди
07:56 / 13.11.2024
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
21:44 / 09.11.2024