Аёлларнинг маҳр ҳақига риоя этилмаётгани юзасидан блогер таклиф билдирди
Таржимон Гавҳар Насруллоҳ жамиятда аёллар ҳақ-ҳуқуқларига муносабат, хусусан маҳр масаласида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Гавҳар Насруллоҳ ўз блогпостида бир неча аёллар даврасида ўзи гувоҳи бўлган суҳбат ҳақида тўхталган.
«Яқинда бир даврада бўлдим. Аёллар даврасида. Одатда бундай давраларда суҳбат мавзуси тўй, сеп, тоғора, қозон-товоқ кабилардан ортмагани учун менга унча қизиқ бўлмайди. Бу каби даврадан туриб кетиш имкони бўлмаса, ўша ердаги вақтимни, шунчаки, аёллар психикасини ўрганишга сарф этиб, кузатиб ўтираман.
Бироқ бу галги суҳбат бошқача бўлди. Гап айланиб, маҳр мавзусига тақалди.
Таъкидлаб ўтай, даврада мендан ташқари ўн тўрт нафар аёл бўлиб, барчаси ўзини муслима атайдиган, улар улғайган оила ҳам, келин бўлиб тушган хонадон аҳли ҳам, уларнинг турмуш ўртоғи ҳам – ҳаммаси ўзини мусулмонлардан деб билади.
Қизиғи, мусулмон оилаларнинг келинлари, мусулмон кишиларнинг рафиқаси, ўзи муслима бўлган бу ўн тўрт аёлдан фақатгина биттаси маҳрига нима олишини ўзи белгилаган ва ўша истаганини қўлига ўзи бемалол тасарруф қилиши мумкин бўлган мулк ўлароқ топширишган.
Тўғри, сўрагани нотариус орқали тасдиқлатиб, номига ўтказиб бериладиган каттароқ нарса эмас, шунчаки қимматбаҳо тақинчоқ бўлса ҳам, ўша тақинчоқни унинг қўлига тутқазаётиб: «Бу сизнинг маҳр ҳақингиз, уни нима қилиш сизнинг ихтиёрингизда. Хоҳласангиз, сотиб, пулини ишлатинг, истасангиз, тақиб юринг, хоҳланг, бировга ҳадя қилинг, истанг, садақа қилиб, бирор муҳтожга бериб юборинг», деб айтишган ва мана ўн саккиз йилдирки, ўша ўзлари айтган сўзларнинг исботи ўлароқ, ҳеч ким тақинчоқ тақдири билан қизиқмаган.
Аёллардан яна бирининг айтишича, куёв томон никоҳ узугини маҳр атаб, бир ўқ билан икки қуённи урган.
Яна бири келин бўлиб тушаётганда бир уй-бир даҳлиз хонани маҳрига бердик дейишган, бироқ мана, ўн беш йил бўлибдики, ўша ўзининг маҳрига берилган хонанинг бирида икки боласи билан эрдан ажраган қайнисинглиси яшар, икки хона бир-бирига уйқаш бўлгани учун, иккинчисида ҳам ўзи лоақал бирор соат эркин нафас ололмасмиш.
Бир нечта аёл ўша пайт ёш бўлгани, ҳаяжонда бўлганини айта туриб, аттанг қилади. Маҳрга нима аташганини ҳам эслай олмас эмиш. «Ўша пайт нимадир айтилгандир, бироқ тўйдан кейин ҳеч ким менга, мана шу нарса сенинг маҳр ҳақинг эди, демаганам», дейишди.
Яна бир аёлнинг ҳикояси антиқа бўлди. Ўша даврадаги аёллар орасида айнан шу аёлнинг оиласи (тушган оиласи) эл орасида диндорлиги билан ҳурмат қозонган оилалардан. Бу аёл ҳам турмушга чиқаётган пайти маҳр ҳақида билимлари тўлиқ бўлмаган, лекин маҳрга алоқадор айрим гаплар қулоғига чалинган бўлган. У билан ҳам ҳеч ким никоҳгача маҳр ҳақида гаплашмаган. Фақат никоҳ ўқилаётган маҳал, домланинг «Маҳрга нима аталди» сўроғига жавобан, куёв билан биргаликда келган амма: «Палон жойдаги 12 сотихли ҳовли, у ерга қурилган уч хонали уй» – деб жавоб берган. Келин ёпинчиқда, бош эгиб, ҳаяжонда ўтирган бўлишига қарамай, бу гапни яхши эслаб қолган.
Орадан бир неча йил ўтиб, алоҳида кўчиб чиққан ёш оила моддий жиҳатдан бироз қийинчиликка йўлиқади. Ўша пайт келин кутилмаганда маҳрига аталган ўша ер участкасини ёдга олади. Ёшлар қайнона-қайнотага бор гапни айтишганда, катталар бу гапларга жаҳл қилиб, келин уялмайдими, маҳри ўрнига бошқа уй-жой қилдиларинг-ку, қабилида жавоб қайтаради.
Боз устига, 12 сотихли ўша ернинг устига 3 хонали уй қурилган 6 сотих қисми қайнаканинг номига расмийлаштирилган бўлиб чиқади. Бир қанча гап-сўзлардан кейин бўш турган 6 сотих қисм ҳужжатлари ёшларга топширилиб, сотишга рухсат берилади. Лекин сотилган пулнинг саккиздан беш қисмини қайнота олиб қўяди.
Табиийки, арзимаган пул уларнинг моддий эҳтиёжини ҳам қопламайди, маҳр ҳақи эгасига топширилган ҳам бўлиб қолади. Бу воқеаларни эслар экан, ўша келин умри мобайнида бир неча бор моддий қийинчилик бўлиб, маҳрим қўлимда бўлганида ишлатардим, деб ўкинганини ва ўз ҳақини, албатта, қиёматда ундиришга аҳд қилгани ҳақида турмуш ўртоғига билдирганини айтади. Турмуш ўртоғи эса, вақт бер, албатта, ҳақингни бераман, деганини ҳам айтиб ўтади.
Албатта, бир даврада йиғилиб қолган ўн тўрт нафар аёл ҳеч қандай ижтимоий эксперимент иштирокчиси эмас. Уларга қараб хулоса қилиб бўлмайди, дерсиз.
Бу борада ижтимоий сўровномалар ўтказилиб, статистика йиғилганидан ҳам бехабарман. Бироқ, шу воқеадан кейин ўзим танийдиган бир нечта аёллардан маҳр ҳақида сўрадим ва ҳаммасидан юқоридаги сингари жавоблар олдим. Шу билан бирга, жамият фақат мен танийдиган аёллардан иборат эмаслигини ҳам яхши тушунаман.
Бироқ, қайнона-келин муносабатлари, келиннинг оиладаги турли-туман, катта-кичик вазифалари, зиммасига юклатилган, сўзсиз амал қилиши шарт бўлган ёзилмаган қонунларни четга суриб турганда ҳам, оддийгина маҳр ҳақига риоя қилинмаётганининг ўзи, жамиятимизда аёлга муносабат қандай ҳолдалигини очиб бераётгандек туюлади.
Дўстлигимда бу каби ҳақлар жойига қўйиб адо қилиниб келинаётган оила вакиллари кўплаб топилишига ишончим комил. Шундайларга илтимосим, вазиятга ўзингиздан эмас, атрофингиздаги, бутун жамиятдаги ҳолатдан келиб чиқиб, муносабат билдирсангиз», – дея ёзади у.
Блогер масала юзасидан ўз таклифини ҳам ўртага ташлайди.
«Бу борада таклифим бор. Маҳрга нима берилиши никоҳгача аниқлансин ва никоҳ ўқилаётган пайт гувоҳлар олдида агар пул ёки кичикроқ нарса бўлса, ўша нарсанинг ўзи, нотариус орқали тасдиқланадиган нарса бўлса, расмийлаштирилган ҳужжати келинга топширилсин.
Агар маҳрни бўлиб-бўлиб бериш ва белгиланган муддатга келишилган бўлса, муддат келганда адо этишга ваъда берилиб, куёв томонидан имзоланган ҳужжат келинга топширилсин.
Модомики, фарзанд тарбияси никоҳдан аввал, унга муносиб ота ёки она танлашдан бошланаркан, келинг, аҳли муслим, ожизалар ҳақига риоя қилиб, оилавий тарбияни ҳам ўзимиздан бошлаб берайлик», – дея ёзади Гавҳар Умарова.
Аввалроқ, Тошкент шаҳар реабилитация маркази директори Гулчеҳра Маткаримова маҳрни Ўзбекистон қонунчилигига киритишни таклиф қилганди.
Ўтган йили оилавий ажримлар мавзусидаги анжуманда Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров: «Келиннинг маҳри – қиёматлик масала. Оила ажрашиб кетган тақдирда ҳам маҳр аёлнинг ўзида қолиши керак», дея таъкидлаганди.
«Никоҳнинг шартларидан бири – маҳр. Бугун ким маҳрни сўраяпти? Фарзандларимизни уйлантиряпмиз, лекин маҳр масаласини эслатяпмизми? «Ота-она сифатида тўйингни ўтказиб берайлик, лекин келин учун маҳрни ўзинг ол», деб айтяпмизми?
Куёв арава етаклаб бўлса ҳам, мардикорлик қилиб бўлса ҳам, маҳрни пешана тери билан ўзи олиши керак. Биз тўйни ҳам ўзимиз ўтказиб берамиз, маҳрни ҳам ўзимиз олиб берамиз, шунинг учун куёв келиннинг қадрига етмаяпти.
Келиннинг маҳри – қиёматлик масала. Оила ажрашиб кетган тақдирда ҳам маҳр аёлнинг ўзида қолиши керак.
Эркакнинг жанозасини ўқишдан аввал аёлидан маҳри адо қилинган-қилинмагани сўралади. Шу пайтда кўпчилик аёллар билмай туриб, «маҳрдан кечиб юбордим», дейишади. Маҳр кечиб юбориладиган нарса эмас. Аслида маҳримни адо қилган, деб жавоб бериши керак. Агар адо қилмай вафот этсагина кечмай иложи йўқ», – деганди Нуриддин домла Холиқназаров.
Мавзуга оид
10:02 / 08.07.2024
Ислом тараққиёт банки Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиради
14:48 / 23.03.2023
Ўзбекистон ва Малайзия ислом молияси бўйича мутахассислар тайёрлашни бошлайди
11:34 / 07.01.2023
Ислом цивилизацияси маркази 52 мингта қадимги ёзма манбалар маълумот базасини яратди
11:11 / 19.10.2022