Жаҳон | 15:08 / 24.03.2021
14570
4 дақиқада ўқилади

«Қўл»га чиқиб кетган вакциналар ва сохта маълумотномалар

Январдан бери коронавирусга қарши вакциналар, эмланганлик ва манфий тест натижалари ҳақида сохта маълумотномалар акс этган мингдан ортиқ эълон пайдо бўлди. Буларнинг бари интернетнинг аноним ва кузатувдан холи қисми – даркнетда содир бўляпти.

Фото: Getty Images

«Қора бозор»да Оксфорднинг AstraZeneca, Россиянинг «Спутник V», Хитойнинг Sinopharm ва АҚШнинг Johnson & Johnson препаратлари 500-750 доллар эвазига таклиф қилинмоқда.

Даркнетда реклама қилинаётган вакциналарнинг ҳақиқийлиги тўғрисида тасдиқ топилмаган.

Мутахассислар ушбу платформаларда харид қилиш ва реал натижа олишга кафолат йўқ бўлгани ҳолда шахсий маълумотларнинг сиздирилиши ва пулдан айрилиш хавфи борлигидан огоҳлантиришмоқда.

Check Point Америка-Исроил фирмасининг тадқиқотчилари январда даркнет сарҳадларида вакциналар савдоси бўйича илк эълонлар пайдо бўлганини қайд этишди. Уларнинг маълумотига кўра, ўшандан бери ҳакерлар форумлари ва бошқа майдонларда бу каби эълонлар кескин кўпайган. Ҳозирда 1200дан ортиқ эълонни турли тилларда, жумладан, инглиз ва рус тилларида учратиш мумкин.

Эълонлар АҚШ, Британия, Испания, Франция ва Россиядан туриб жойлаштириляпти. Аммо бу тахмин холос – даркнетда одатда координатлар айтилмайди. Айрим сотувчилар буюртмани бир кун ичида етказиб беришни ваъда қилишмоқда.

Оксфорд вакцинасининг даркнетдаги рекламаси

AstraZeneca вакцинасига 500 доллар сўралаётган бўлса, Johnson & Johnson ва «Спутник V»га 600, Sinopharm препарати эса, 750 долларга баҳоланмоқда. «Биз хорижга саёҳат ва иш қидириш учун зарур бўлган коронавирусга манфий тестлар сотамиз. Иккита манфий тестни сотиб ол ва учинчисини бепул қўлга кирит!», дейилади рекламалардан бирида.

Check Point ходимлари эмланганлик ҳақида сохта ҳужжатлар, хусусан, Британиянинг 150 доллардан сотилаётган сохта маълумотномаларини ҳам учратишган. Тўлов биткоинда қабул қилинади.

Улар сертификатда кўрсатилиши керак бўлган исм ва эмланганлик санасини сўраган сотувчи билан боғланишган. «Хавотирга ўрин йўқ... Бу бизнинг ишимиз...кўп одамга [маълумотнома] қилиб бердик. Ҳаммаси силлиқ кечди», дея ишонтиришга уринган сотувчи.

Эмланганлик ҳақидаги сохта маълумотнома рекламаси

Check Point ходимларидан бири Одед Вануну тажриба тариқасида Хитойнинг Sinopharm вакцинасига пул тўлаган, лекин ҳалигача олгани йўқ.

У сотувчини фирибгар дея тахмин қилмоқда, лекин даркнетда ростакам препаратларни олиш мумкинлигини ҳам истисно қилмаган.

«Одамлар бир нарсани тушунишлари шарт: вакцина, эмланганлик ҳақидаги маълумотнома ёуи коронавируснинг манфий тестини норасмий йўл билан сотиб олишга уриниш – катта таваккалчилик. Ҳакерлар сизнинг пулларингиз ва шахсий маълумотларингизни ўғирлашни исташади », дея таъкидлайди Вануну.

Check Point сохталаштиришдан қочиш учун давлатларга эмлаш ҳақида универсал QR-кодларни киритишни таклиф қиляпти.

Бир қатор давлатлар рақамли вакцина паспортларини жорий қилишди: Греция январдаёқ бера бошлаган ва Исроил билан эмланганларни ўзаро тан олиш борасида келишиб олди.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўтган ҳафта Евроиттифоқ учун коронавирусдан эмланганлик тўғрисида ягона «рақамли яшил сертификат» жорий қилиш таклифини берганди. Шунингдек, Россия ва Буюк Британияда ҳам вакцина паспортларини жорий қилиш ғояси муҳокама қилинмоқда.

Шоакмал Исроилов тайёрлади

Мавзуга оид