Ўзбекистон | 20:06 / 25.03.2021
26228
8 дақиқада ўқилади

Киракашликдан зирҳли машиналаргача. Дубайдаги ўзбек миллионери Улуғбекхон Максумов билан суҳбат

Дунёнинг кўплаб йирик шаҳарлари, шу жумладан Дубайда ҳам муваффақиятли бизнес юритаётган ўзбек тадбиркорлари талайгина.

Бирлашган Араб Амирликларига сафар қилган SUBYEKTIV жамоасининг навбатдаги суҳбатдоши – бу ерда зирҳли техникалар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи таниқли ўзбек тадбиркори Улуғбекхон Максумов бўлди.

– Тез-тез интервью бериб турасиз, ким интервьюга таклиф қилса ҳам йўқ демайсиз. Охирги марта Forbes Russia'га интервью бердингиз. Ўзига хос бизнес билан шуғулланишингизга қарамай, очиқ ва интервью беришга доим тайёрсиз. Интервьюлардан чарчамадингизми?

– Баъзи одамлар куни ва вақтини ҳам келишмасдан телефон қилишади, интервьюга келишади. Ёш блогерлар, ютуберлар келади. Уларга интервью бериб, заводни кўрсатиш жараёни ўзим учун ишдан бироз танаффус қилиш, лирик чекиниш бўлади.

– Ижтимоий тармоқларда фаолсиз. Инстаграмда 4 миллиондан ортиқ обуначингиз бор, доимий постлар қўйиб борасиз. Умуман, медиа оламида исмингиз кўп янграйди. Ташқаридан қараган одамда сиз каби хавфсизлик билан боғлиқ бизнес билан шуғулланадиган кишига бу қадар PR нега керак, деб ўйлайди. Сизнинг бизнесингизда шахсий бренд рол ўйнайдими?

– Aлбатта, чунки одамлар сизга ишонч билдириши керак. Улар ҳаётини сизга ишонади.

Шу билан бирга, шахсий брендим ўзим учун ҳам худди ҳобби каби. Инстаграмда 100-150 киши менга ёзиши мумкин. Мен уларнинг ҳаммасига ҳам жавоб беролмайман. Лекин уларга иложи борича маслаҳат бериб, ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

– Инстаграмингизни ким юритади?

– Ўзим юритаман. Чунки у менинг шахсий саҳифам. Унга ҳар хил одам ёзиши мумкин.

– Ишчиларингиз турар жой билан таъминланганми?

– Ҳа. Турар жой ҳам лавозимига қараб берилган. Масалан, ишчилар умумий бинода туради. Менежерлар алоҳида ўз квартирасида туради.

– Ишчилар ойлиги қанчадан бошланади?

– Энг ками 800 доллардан (пайвандчи, ёрдамчи кабилар). Косметика билан шуғулланадиганларнинг маоши 1,5 минг доллардан бошланади. Менежерларники 3 минг доллардан бошланади.

– Бирлашган Араб Амирликларида ҳайдовчилар қандай жаримага тортилади?

– Бу ерда ҳайдовчига 24 балл берилади. Aгар қоидани бузса, баллини олиб ташлайверади. Масалан, «қизил»га ўтса, 6 балл айрилади ва жарима тўлайди. Яна бир марта ўтиб кетса, 12 балл олиб ташланади. 24 баллга етсангиз, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилади.

– 2016 йилда Трансформатор каналига берган интервьюнгизда INKAS компаниясининг йиллик айланмаси 100 миллион доллар дегандингиз. 5 йил ичида бу сон қанақа ўзгарди?

– Бу сонда катта ўзгариш бўлмади. Ўтган йили пандемия сабаб бироз тўхталиш бўлди. Чунки чегаралар ёпилди, онлайнга ўтилди, техникани сотиш ҳам тўхтади.

– Бу бизнесни конвейерга ўтказиш мумкинми?

– Йўқ. Чунки ҳар бир давлат ўзига мос техникани буюртма қилади. Шунинг учун қўлда йиғиш энг яхши вариант.

– Сиз кўп бора «Ўзбекистондан келиб иш сўрашади, лекин тил билишмайди», дегансиз.

– Ҳозиргача шунақа. Яқинда эр-хотин иш сўраб келди. Сизга ёзгандик, жавоб бермадингиз, таваккал қилиб келдик, дейишди. Икки кишининг келиб-кетишига камида 1,5 минг доллар бўлган. Йўлкирани ҳам қарз олиб келишган экан.

Кейин уларни ишга ололмаслигимни айтиб, йўлкира пулларини бериб юбордим. Мен ўзим шунақа қийин ҳолатга тушганимда ҳеч ким ёрдам бермаган, шунинг учун уларга ёрдам бериш керак, деб ҳисоблайман. Бироқ уларни ишга ололмайман, чунки бу ерда фақат мутахассислар ишлайди.

Бу ерга дипломи қўлида, тил билганлар келиб ҳам иш топиши қийин. Чунки интервьюга кирганда биринчи навбатда Дубайда қанча вақт ишлагани сўралади. Ишламаган бўлсангиз, интервью шу жойда тугайди. Чунки бу ерга 10-15 йиллик тажрибага эга «мобилний» одамлар керак.

– Пандемия вақтида жамоа қисқардими?

– Менга давлатдан ишчиларни 30 фоизгача қисқартириш кераклиги ҳақида хат келди. Aммо мен қисқартирмадим. Чунки бу одамлар яхши вақтларда ҳам, ёмон пайтларда ҳам мен билан бўлган. Ойликлари ҳам тушмади.

– 2018 йилдаги интервьюларингиздан бирида Ўзбекистонга катта сармоя киритиш ҳақида гапиргандингиз. Сармоя кирита олдингизми?

– Ўзимизнинг машина соҳасида компанияларни очдик. Бу иш 1-6 ойда бўладиган нарса эмас. Бунга кўпроқ вақт, рухсат олиш керак. Заводни очгандан кейин йилига 20-30 та машина чиқаргандан фойда йўқ. Кўпроқ машина ишлаб чиқариш учун биз қўшни давлатларни ҳам ўрганиб чиқяпмиз. Қарийб 70 фоиз ишимиз қилинган.

– Завод фаолияти тахминан қачондан йўлга қўйилиши мумкин?

– 2021 йилнинг июнь-июль ойларида йўлга қўйишни ўйлаб кўрамиз.

– Бу ерга келиб ишлаш учун нима талаб қилинади?

– Билим олиш керак. Тил ўрганиш керак. Чунки бу ерга жуда кўп миллатлар, одамлар келади. Уларнинг ҳаммаси иш излаб келади. Бу ерга келаётганда ҳамма нарсага тайёр бўлиш керак.

Айримлар 17-18 ёшида уйланади. Отаси бугун, эртага бор, кейин-чи? Ёшликдан интилиш, билим олишга ҳаракат бўлиши керак. Мен ўзим ҳам Марғилондан Тошкентга таксичилик қилганман. Киракаш деб кулганлар ҳам бўлган. Такси пулини пасайтирганимда мен ва бошқа таксичилар ўртасида келишмовчиликлар бўлган. Лекин бензин пулим чиқса бўлди, уйга 2-3 кг гўшт олиб кириш учун юрганман. Отам юқори лавозимда ишлаганида мени қаттиқ тутишган, ўшанда ҳам пиёда юрганман.

– Тошкентга тез-тез бориб турасизми?

– 2019 йилда тез-тез бориб турардим. Пандемия сабаб боролмадик.

– Ота-онангизни бу ерга олиб келиш ниятингиз борми?

– Улар бу ерга 1 ойга келиб кетишади. Улардан бу ерга келишларини кўп сўрадим. Лекин Марғилонда қариндошлари, иссиқхоналари бор. Бу ерга келишса, зерикиб қолишади. Лекин тез-тез келиб туришади.

– Эришган ютуқларингизнинг сири нимада?

– Ҳеч қанақа сир йўқ. Фақат ишлаш керак. Ота-онанинг дуосини олиш керак. Озгина омад ҳам керак.

– Сиз ўзингизни омадли деб ўйлайсизми?

– Ҳа. Чунки кўп вазиятлар ва қандайдир дақиқаларда ишим ўхшаб қолган. Мен буни эрталабдан сезаман. Ота-онам билан эрталабдан гаплашаман. Уларнинг дуосини оламан.

– Пандемия даврида кўп ўзбеклар ватанга қайтолмай, Дубайда қолиб кетди.  Сиздан ҳам ёрдам сўраб келишдими?

– Ундайлар кўп бўлди. Пандемия сабаб Дубайда қолиб кетган беморлар бўлди, баъзилар кўчада ҳам қолиб кетди. Уларга ёрдам бериб, дори-дармон, меҳмонхона, билетларига қарашдик. Ҳар куни бу масала бўйича консуллик билан гаплашдик. Бу масала ўша пайтда мен учун биринчи ўринда эди. Кейин ишхонага ўтардим. Юзлаб одамни Ўзбекистонга қайтариб юборганмиз.

– Қарз беришга қандай қарайсиз?

– Ҳозир шунақа пайтки, имкониятингиз бўлса, қарзга шундай сумма берингки, уни қайтариб ҳам олманг. Чунки замон оғир. Мен шундай усулда бераман ва уни қайтариб олмайман.

Жамшидхон Зиёхонов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.
Монтаж устаси – Муҳаммаджон Ғаниев.

Тўлиқ интервьюни SUBYEKTIV'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилинг.

Мавзуга оид