Жаҳон | 23:43 / 27.03.2021
6929
2 дақиқада ўқилади

Коронавирусга қарши бепул эмланиш учун Сербияга қўшни давлатлардан минглаб кишилар келди

Сербия ҳукумати 27-28 март кунлари коронавирусга қарши бепул эмланишни истаган барча хорижликларни мамлакатга таклиф қилди. Черногория, Шимолий Македония ҳамда Босния ва Герцеговина фуқаролари Сербияга ёпирилиб келди.

Фото: PA

Сербия ҳукуматининг 27 ва 28 март кунлари барча хоҳловчи хориж фуқароларини коронавирусга қарши бепул эмлаш ҳақидаги таклифи яхши кутиб олинди. «Welt» газетасининг ёзишича, 27 март куни бир неча минг киши мамлакатга кириб келди.

Нашр маълумотига кўра, гап асосан Босния ва Герцеговина, Черногория ва Шимолий Македония фуқаролари ҳақида бормоқда. Улар 27 март куни эмлаш марказлари олдида узун навбатлар ҳосил қилди, кўпчилик эмланиш учун оиласи билан келди.

Босниянинг Klix янгиликлар портали ёзишича, Сербияга кириш учун чегарада ҳам навбатлар юзага келган.

Эмлаш бўйича умумевропа кампанияси фонида Сербияда аҳолини эмлаш муваффақиятли кечмоқда. Мамлакатнинг етти миллион аҳолисидан икки миллион нафари вакцинанинг камида бир дозасини олиб бўлди. Сербияда аҳоли  BioNTech/Pfizer, AstraZeneca, «Спутник V» ва Sinopharm вакциналари билан эмланмоқда.

Шу билан бир вақтда, Сербия билан чегарадош давлатларда эмлаш ишлари эндигина бошланди. Сербия аввалроқ Босния ва Герцеговина, Черногория ва Шимолий Македонияга беғараз асосда вакциналарнинг кичик партиясини жўнатганди.

Мавзуга оид