Жаҳон | 19:39 / 28.03.2021
8426
2 дақиқада ўқилади

Никол Пашинян апрелда истеъфога чиқишини маълум қилди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакатда навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилиши учун апрел ойида истеъфога чиқади. Бу ҳақда унинг ўзи маълум қилди.

Фото: Айк Багдасарян/Photolure/ТАСС

«Апрелда кетиш учун эмас, навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтиши учун истеъфога кетаман. Мен бу вақт давомида бош вазир вазифасини бажарувчи бўлиб қоламан», деб маълум қилган Пашинян Армавир вилоятига ташрифи вақтида маҳаллий аҳоли билан суҳбатда.          

«Агар сиз бизга ишонч билдирсангиз, сизга аввалгидан ҳам яхшироқ хизмат қилишни давом эттирамиз, акс ҳолда ҳокимиятни кимни сайласангиз ўшанга топширамиз», деб таъкидлаб ўтган Арманистон бош вазири.  

Мамлакатда парламент сайловларини 20 июнда ўтказиш белгиланди.

Арманистонда парламентни тарқатиб юбориш учун бош вазир истеъфога кетиши керак. Агар парламент янги бош вазирни икки уринишда марта сайлай олмаса, унда у автоматик равишда тарқалади, сўнгра янги парламент сайловлари ўтказилади. Янги бош вазирни парламентдаги кўпчилик тайинлайди.

Айни вақтда Арманистонда Пашиняннинг истеъфога кетиши талаби билан норозилик намойишлари давом этмоқда.

Мавзуга оид