Жамият | 18:37 / 31.03.2021
13377
3 дақиқада ўқилади

Шуҳрат Абдураҳмонов Андижонда талабаларни қийнаётган йўлкира масаласига муносабат билдирди

Андижонда талабаларни йўлкира ҳақи қимматлиги қийнаётгани ҳақидаги Kun.uz мақоласидан сўнг, вилоят ҳокими шаҳарга Хитойдан автобуслар олиб келиниши режалаштирилганини маълум қилиб, ОТМларга қатновчи «Дамас»ларда нархларни назорат қилишга топшириқ берди.

Kun.uz 29 март куни «Жамоат транспортига муҳтож Андижон. Талабаларни қийнаётган муаммога ечим борми?» сарлавҳали мақола эълон қилган эди. Унда автобус йўналишлари камлиги Андижон шаҳридаги тўртта ОТМ талабаларига моддий қийинчилик туғдираётгани ҳақида сўз боради.

Шу куни вилоят ҳокимлигида «Ҳоким, вазир ва ёшлар учрашуви» мулоқоти бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ёшларни қийнаётган масалалар қаторида Kun.uz кўтарган муаммога ҳам эътибор қаратди.

«Талаба ёшларимиз Андижон шаҳрида жамоат транспорти йўқлиги, йўналишдаги «Дамас»лар йўлкира ҳақини асоссиз қиммат қилиб олаётгани бўйича Kun.uz сайтига мурожаат қилишибди. Жамоат транспорти бўйича ҳам ишлаяпмиз. Ҳақиқатан ҳам [шаҳарда] автобус йўқ. Ҳаммаёқ «Дамас» бўлиб кетган», – деди вилоят раҳбари.

У бу масалада бир тадбиркор билан ишлар олиб борилаётгани, тадбиркорга Асакабанк ёрдами кераклигини айтиб, тадбирда қатнашаётган банк вакилидан кўмак беришни илтимос қилди.

«Бир тадбиркоримиз 150 та автобус олиб келиш масаласи бўйича папка-ҳужжатларини тайёр қилиб қўйган. Мен сизларнинг номларингдан шу масалада банкдан ёрдам беришини илтимос қилмоқчиман», – деди ҳоким ёшларга қарата.

Шуҳрат Абдураҳмоновнинг айтишича, автобус ишлаб чиқарадиган Хитой корхоналаридан бирининг вакилларини Андижонга таклиф этиб, улар билан учрашув ўтказган.

«Биласизларми, бошқа давлатларда автобус нархининг 30 фоизини олдиндан тўласангизгина кейин ишлаб чиқаради. Хитойликларга мен ваъда берганман: «Оғайни, мен сенга ваъда бераман, шу пулингни туширгизиб бераман, ўша автобусларни сотиб юбормай тур, биринчи Андижонга олиб келайлик».

Адашмасам, 200 та автобус олиб келиш режа қилинганди. Агар шу масала ҳал бўлиб қолса, Андижондаги жуда кўп ёшларга, молиявий жиҳатдан қийинчилик бўлаётган ота-оналарга катта қулайлик бўларди», – деди у.

Ҳоким Андижон шаҳридаги йўналишли «Дамас»ларда нархлар 2 минг сўмдан ошмаслиги белгиланганини таъкидлаб, кўтарилган масала юзасидан вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Машраповга топшириқ берди.

«КРУдан ҳам одам бераман, ҳамма институтлар бўйича йўналишдаги «Дамас»лар нархини назоратга олишларингга эртага кечгача муҳлат», – деди Шуҳрат Абдураҳмонов.

Мавзуга оид