Ўзбекистон | 15:44 / 31.03.2021
45239
2 дақиқада ўқилади

Тиббий ниқоблардаги чувалчангсимон жонзотлар тасвирланган видеолар тарқалди. Ҳолат Қозоғистонда кузатилган

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда, айниқса “Телеграм” каналларида тиббий ниқоблар қатламлари орасида ҳаракатланаётган жонзотлар, дея таърифланган видеолавҳа кенг тарқалди.

Фото: Видеодан кадр

Аслида кўпчилик Ўзбекистондаги ҳолат дея талқин қилаётган бу тасвирлар март ойининг иккинчи ярмида Қозоғистонда тарқалган. Унда лавҳа муаллифи тиббий ниқобни қайноқ сув солинган идиш устига қўяди ва телефон орқали тасвирга олади. Катталаштириш жараёнида тиббий ниқобнинг ички қатламида қора рангли чувалчангсимон нарса қимирлаётганини кўриш мумкин.

Бу видеода айтилганидек, тиббий ниқоб қатламлари орасида қандайдир жонзотлар, хусусан кичик чувалчанглар яшаши ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки биолог олимлар фикрича, ҳар бир тирик жон ҳаёт кечириши учун маълум муҳит зарур. Тиббий ниқобларнинг синтетик қатламлари орасида чувалчанглар яшаши учун зарур муҳит йўқ.

Энди тасвирлардаги ҳаракатланаётган нарсага келсак, бу ҳолат ўрганилган, ҳаммаси тиббий ниқоблар қатламлари орасига турли бошқа матолар толалари тушиб қолгани билан боғлиқ. Тиббий ниқобларнинг ўзи одатда спанбод, полиэстер ва вискоза каби кимёвий материаллардан тайёрланади. Бу материаллар совуққа ҳам, иссиққа ҳам чидамли. Лекин улар орасига тасодифан тушиб қолган бошқа толалар иссиқ буғ таъсирида ҳаракатланиши мумкин.

Бундан ташқари, ўша толалар ҳосил бўладиган статик заряд ёки ҳаво таъсирида ҳам қимирлаш эҳтимоли бор. Демак тиббий ниқоблар орасида чувалчанглар ҳақида маълумотлар асоссиз.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 20 мартдаги 114-сон “Тиббий буюмлар рўйхатига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги буйруғи билан тиббиёт ниқоблари тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарилган.

Мавзуга оид