Жамият | 19:08 / 02.04.2021
42920
2 дақиқада ўқилади

Андижондаги ноодатий реклама баннери олиб ташланганига изоҳ берилди

Андижондаги марказий кўчалардан бирида ўрнатилган гилам ювиш фабрикасининг ноодатий реклама баннери ва унинг тезда олиб ташланиши ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Фабрика маркетологининг Kun.uz мухбирига билдиришича, ҳокимлик томонидан баннердаги реклама матни қайта кўриб чиқиш тавсия қилингандан сўнг баннер алмаштирилган.

Ўтган ҳафтада Андижон шаҳридаги марказий кўчалардан бирида маҳаллий гилам ювиш фабрикасига тегишли реклама баннери  ижтимоий тармоқларда тарқалди. Лекин кўп ўтмай у олиб ташланиб, ўрнига бошқа баннер ўрнатилгани интернет фойдаланувчилари муҳокамасига сабаб бўлди.

Фабрика маркетологининг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда сурати тарқалган реклама баннери 2021 йилнинг 25 март куни ўрнатилган. Бироқ у эртаси куни эрталаб олиб ташланган. Бунга маҳаллий давлат бошқаруви органлари томонидан реклама матнини қайта кўриб чиқиш тавсия қилингани сабаб бўлган.

«Янгича йўналишда реклама қилиш мақсадида шундай ноодатий тарзда ёзиб, фақат ўша жойга ўрнатган эдик. Бу баннер суратлари тезда интернетда тарқаб кетди. Бунақа фикр билдирилгач, ўзимизга ҳам бу матн бироз ғайритабиий туюлди ва алмаштиришга қарор қилдик.

Баннер 25 март куни ўрнатилган бўлса, 26 март куни олиб ташланди. Ўз соҳамизда белгиланган тартиб-қоидалар бўйича фаолият юритамиз. Лекин биздан кўриб шундай реклама бераётганлар ҳам учраяпти», дейди маркетолог.

Фабрика мутасаддисининг сўзларига кўра, бундай реклама қилиш фикри унинг ўзидан чиққан. Айни пайтда фабрика вакиллари баннер олиб ташланганидан норози эмаслигини, уни ўз истакларига кўра алмаштиришни лозим кўришганини таъкидлашди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда чарм маҳсулотларидан оёқ кийимлар ишлаб чиқарадиган корхона томонидан ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотни ноодатий тарзда реклама қилиш мақсадида Қамчиқ довонида калиш шаклидаги композиция очилган, бироқ у ҳам орадан уч кун ўтиб маҳаллий ҳокимликнинг оғзаки топшириғи билан олиб ташланган эди.

Мавзуга оид