Ўзбекистон | 10:52 / 02.04.2021
8137
3 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар 10 гектаргача иккиламчи ижарага берилиши мумкин

“Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қонунга кўра, 18 ёшга тўлган, муомалага лаёқатли бўлган, ўзига деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара (иккиламчи ижара) ҳуқуқи асосида берилган Ўзбекистон фуқароси ёки Ўзбекистон ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс деҳқон хўжалиги бошлиғи бўлиши мумкин.

Деҳқон хўжалиги деҳқон хўжалиги бошлиғининг давлат хизматлари марказларига шахсан ташрифи воситасида ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳисобга қўйилади ёки давлат рўйхатидан ўтказилади. Бунда давлат божи ва йиғим ундирилмайди.  

Деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда ер участкалари берилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг асосий экиндан бўшаган қисми 0,06 гектардан 10 гектаргача бўлган ўлчамда бир йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) берилиши мумкин.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасидан деҳқон хўжалигининг ихтисослашуви асосида фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун фойдаланилиши керак. Шу билан бир вақтда, бундай ер участкасида 10 бошгача чорва молни ўтлатишга йўл қўйилади. 

Ер участкасида енгил конструкцияли иссиқхоналар ва бошқа иморатлар, шунингдек суғориш иншоотларидан ташқари иншоотлар ва иморатлар, шу жумладан ер ости иншоотлари аниқланган тақдирда, ваколатли давлат органининг ёзма тақдимномасига кўра деҳқон хўжалиги бошлиғи тақдимномани олган кундан эътиборан 15 кун ичида ихтиёрий равишда ўз ҳисобидан бузиб ташлаши ҳамда ер участкасини олдинги ҳолатга келтириши шарт.

Деҳқон хўжалиги ўз ихтисослашувини, шу жумладан қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари ва ҳажмларини, уларни етиштириш ҳамда агротехник тадбирларни ўтказиш усулларини мустақил равишда белгилайди.

Деҳқон хўжалиги ўзи ишлаб чиқараётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бозордаги талаб ва таклиф нисбатидан келиб чиқиб мустақил равишда нархлар белгилайди.

Давлат деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига риоя этилишини кафолатлайди.

Деҳқон хўжаликлари тасарруфида бўлган ер участкалари майдонларини уларнинг розилигисиз мақбуллаштиришга (қисқартиришга, ўзгартиришга ва бошқаларга) йўл қўйилмайди.

Мавзуга оид