Ўзбекистон | 19:02 / 07.04.2021
7558
2 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат стоматология институтида замонавий инновацион симуляцион марказ очилди

 Ривожланган мамлакатлар биринчи навбатда тиббиёт ва таълимга қаратилган эътибор орқали етук жамиятга эришганлар. 

Ҳар томонлама етук ва рақобатбардош шифокорларни тайёрлаш, амалиётга қаратилган ўқув жараёнини замонавий фантом, симуляторлар ва лабораториялар билан жиҳозлаш орқали тиббий олий таълимни ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Тошкент давлат стоматология институтида замонавий инновацион симуляцион марказ очилди.

Марказнинг очилиш маросимида олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Ўктам Исмоилов, институт ректори Нодир Ҳайдаров иштирок этди. Абдуқодир Тошқулов Тошкент давлат стоматология институти замонавий талабларга мос келадиган ва стоматологиянинг илғор технологияларини эгаллаган соҳанинг юқори малакали тиббиёт ходимлари ва илмий мутахассисларни тайёрлаши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Институт симуляцион марказини ташкил этишда Россия, Беларусь, АҚШ, Жанубий Кореянинг нуфузли олий таълим муассасалари ва ўқув марказлари тажрибасига таянилди.

Симуляцион марказда Франциянинг «Virteasy Dental» 3D симуляторлари, Англиянинг ўқув микроскоплари, Россиянинг «Пирогов» анатомик интерактив столи, Италиянинг талабалар учун энг охирги моделдаги стоматологик фантомлари ўрнатилди. Шу билан бир қаторда, ахборот ресурс марказининг виртуал кутубхонаси ҳам талабаларга хизмат кўрсатади.

 Буларнинг барчаси ўқув машғулотларини замон талаби асосида ташкил қилишга, талаба ёшларнинг янгича ёндашув асосида билим олишларига хизмат қилади.

 Тошкент давлат стоматология институти матбуот хизмати

Мавзуга оид