Жамият | 20:34 / 07.04.2021
8615
2 дақиқада ўқилади

Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгаши Денов тумани ҳокимининг қарорини бекор қилди

Денов туман ҳокимининг қарори Сенатда кўриб чиқилиб, сўнг халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан бекор қилинган. Бу ҳақда Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, халқ депутатлари Денов туман кенгаши шу туманда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлардан бирининг мулкини бошқа бир тадбиркорга бериш ҳақида қарор қабул қилган. Жабр кўрган тадбиркор бу ҳақда ижтимоий тармоқларда чиқиш қилган ва президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилган. Шундан сўнг мазкур масала Олий Мажлисда кўриб чиқилиб, Сенатга юборилган.

Қайд этилишича, ноҳақ жабр кўрган тадбиркор муаммоси Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан назоратга олинган ва Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболовга тегишли топшириқлар берилган.

Натижада халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгашининг 2021 йил 29 мартдаги қарорига асосан халқ депутатлари Денов туман кенгашининг ушбу ноқонуний қарори бекор қилинган.

«Қизиғи шундаки, юқоридаги масала юзасидан шу кунга қадар 10дан ортиқ ҳоким қарори ва 9та суд ҳужжати қабул қилинган экан. Деновдаги каби бировнинг мулкини депутатлар қўли орқали тортиб олиш билан шахсий манфаатини қондиришни режа қилиб юрган айрим депутатлар бошлиғи — ҳокимлар бундан тегишли хулоса қилса бўларди. Бунақа айёрона ҳаракатлар бевосита туман ҳокими Р.Пардаев бошчилигида қилинмоқда эди», — дейди Кушербаев.

Маълумот учун, Рустам Пардаев Денов туманига 2020 йил 5 ноябрь куни Бахтиёр Иботовнинг ўрнига ҳоким этиб тайинланган эди. Унгача Сурхондарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Мавзуга оид