Спорт | 23:22 / 10.04.2021
14524
2 дақиқада ўқилади

Термизда Ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган халқаро кураш турнири бошланди

10 апрель куни Термиздаги «Алпомиш» стадионида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган ХV халқаро турнирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

28 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта мунтазам ташкиллаштирилиб келинаётган халқаро турнирнинг навбатдагисини туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

Вазир ўз сўзида ўзбек миллий курашини дунёга танитишга муносиб ҳисса қўшаётган Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон ва бошқа хорижлик ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.

Тадбирда Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди.

Миллий курашни қўллаб-қувватлаб, ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонда алломалар хотирасига бағишланган кураш мусобақаларини ўтказиш анъанага айланди.

Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз шаҳарларида ташкил этиб келинаётган беллашувлар нафақат маҳаллий, балки хорижлик кураш мухлисларида ҳам қизиқиш уйғотмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, пандемия шароитида ўтказилаётган ХV халқаро турнирда жаҳоннинг 27 давлатидан спортчилар иштирок этмоқда.

Айни пайда кураш федерацияси фаолият юритаётган мамлакатлар сони 129 тага етган.

Кураш спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси ишлаб чиқилган. Унга кўра, курашни Европа, Африка ва Панамерика қитъавий ўйинлари қаторига расман киритиш, Халқаро спорт федерациялари ассоциацияси эътирофига сазовор бўлиш, шунингдек, Халқаро олимпия ўйинлари дастурига кириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш кўзда тутилган.

Мавзуга оид