Тўлов терминалини ажратиш ва ўрнатиш муддати қисқартирилди
Марказий банк Ўзбекистон ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги низомга шарҳ эълон қилди.
Банк карталари муомаласига оид бир нечта меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиши ва унификация қилиниши натижасида “Ўзбекистон ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги низом” ягона ҳужжат тарзида ишлаб чиқилди ва Адлия вазирлигида жорий йил 3 апрелда давлат рўйхатидан ўтказилди.
Марказий банк хабарига кўра, янги таҳрирдаги меъёрий ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида тижорат банклари ва кенг жамоатчилик, жумладан, тадбиркорлик субъектлари таклиф ва мулоҳазалари ҳам ўрганиб чиқилган.
Низомда карта ҳисобварағини тўлдириш амалиёти карта ҳисобварағини очган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўлов топшириқномаси асосида исталган талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан амалга оширилиши белгиланди. Аввалги тартибга кўра карта ҳисобварағини тўлдириш фақат асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан амалга оширилган.
Шунингдек, юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун чет эл валютасидаги банк карталарини эмиссия қилиш ва улар томонидан мазкур банк карталари орқали носавдо тусдаги валюта операцияларини (хизмат сафари харажатлари ва ҳ.к.) амалга оширишда фойдаланиш мумкинлиги белгиланди.
Тўлов терминалини ажратиш бўйича қилинган мурожаатларни кўриб чиқиш муддати бир ойдан ўн иш кунига ҳамда мижознинг ўзида мавжуд бўлган тўлов терминалига дастурий таъминотни ўрнатиш юзасидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш муддати бир ҳафтадан уч банк иш кунига қисқартирилди.
Бундан ташқари, ҳужжатдан “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонунда тўлов тизимлари субъектлари ва банк карталарига доир белгиланган асосий қоидалар ва талаблар ҳам ўрин олди.
Мазкур низом давлат рўйхатидан ўтказилиши билан бир қаторда соҳага доир бир нечта меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бекор қилинди. Хусусан:
“Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами 1344, 2004 йил 30 апрель);
“Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами 1470, 2005 йил 18 апрель);
“Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан миллий валютадаги банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами 1850, 2008 йил 4 сентябрь);
“Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами 1986, 2009 йил 27 июль).
Мавзуга оид
11:56
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
11:23 / 01.11.2024