Жамият | 17:44 / 15.04.2021
17869
4 дақиқада ўқилади

«Автошоҳбекат бозорга айланган» — Бўстондаги ёймачилар муаммоси

Андижон вилояти Бўстон тумани марказида жойлашган Марказий деҳқон бозори ва автошоҳбекат жойлашган ҳудудга жума куни яқинлашишнинг иложи бўлмай қолади. Шу куни туманнинг турли ҳудудларидан минглаб кишилар бозорга келади. Бу ердаги тадбиркорлар бир муаммодан қийналмоқда. Автошоҳбекат бозорга айланиб қолган. Машиналар кира олмайди.

Kun.uz мухбири бир гуруҳ сотувчилар мурожаатига биноан Бўстон туманига борди. Туман Марказий деҳқон бозорида яқин йилларда қурилган, аммо ҳувиллаб ётган дўконлар кўп.

Бозорда савдо-сотиқ қилиш учун етарлича шароитлар яратилган. Аммо дўконларнинг аксарияти ўз сотувчисига эга эмас, ишлаб турганида ҳам харидорлар деярли йўқ.

Сотувчилардан бири ушбу ҳолатни харидорлар автошоҳбекатдан қайтиб кетиши билан изоҳлади.

«Бу ерда очилганидан бери савдо қиламиз. Харидорлар деярли кирмайди. Сабаби — одамлар керакли нарсани автовокзалдаги ёймачилардан олиб кетаверади. Биз эса ойига ижарага пул тўлаймиз, солиқ тўлаймиз. Бозоримиз иккига бўлиниб кетган. Ҳокимиятга ва солиқ бўлимига мурожаат қилганмиз. Шароит яратиб берилса ҳам улар кирмаяпти, ташқарида савдо қилишмоқда», — дейди тадбиркор Раъно Жалилова.

Маълум бўлишича, бозор ҳудудидаги 139та дўкондан 60таси бўш, 200та растанинг эса 160таси ўз эгаларини кутмоқда.

Автобус, микроавтобус ҳамда таксилар учун мўлжалланган шоҳбекатни ёймачилар «эгаллаб» олган. Улар ер устига нарсаларини ёйиб, бемалол савдо қилишмоқда. Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, ёймачилар патта пули сифатида кунига шоҳбекатга 5 минг сўм, бозор маъмуриятига 5 минг сўм тўлов қилишади.

Улардан бири нега бозорнинг ичига кириб савдо қилмасликлари ҳақида саволга жавоб қайтарди.

«Ичкарида бизга жой йўқ. Бизга ҳам бу ерда чанг босиб, машиналар тутунини ютиб туриш ҳавас эмас. Масалан, бугун вокзал ҳам патта олди, бозор ҳам патта олди. Бизга бозорга кириб, 10 минг сўм берганимиз қулай. Кўчада ҳамма ёймачилар туриб олганидан кейин ичкарида савдо бўлмайди», дейди ёймачилардан бири.

Вокзал ҳудудида санитария қоидаларига, савдо-сотиқ нормаларига амал қилмасдан фаолият олиб бораётган сотувчилар айбни бир-бирига тўнкайди. «Мен ичкарига кирганим билан бошқалар кирмайди», дейди улардан бири.

Автошоҳбекат директори сотувчиларни бозор ичига киритишга уринишлар бесамар бўлаётганини айтди.

«Автовокзалдаги ҳолатлар бўйича ўзимиз мурожаат билан чиқмоқчи бўлдик. Ҳар жума прокуратура, ички ишлар, департамент, солиқ бўлими билан буларни ичкарига олиб кирмоқчи бўлдик. Орган ходимлари ҳам уддалай олишмаяпти.

Мана, бугун ҳам автобекатимизни кеч очдик. Шу ёймачилар бозор ҳудудига кириб жойлашиб олиши учун. Лекин кўриб турибсиз — улар яна шу ерга чиқиб оляпти. Бу бизга ноқулайлик туғдиряпти. Машиналар бемалол ҳаракат қила олмайди. Бирор нима десак, ўзларини ташлаб юборишади, ётиб олишади ёки тадбиркорга тўсқинлик қиляпсан, деб телефонида тасвирга олишади», — дейди автошоҳбекат директори Нодирбек Аҳмадалиев.

Автовакзалдаги харидорлар ҳам сотувчилар бозорга кириб фаолиятини олиб бориши барча учун қулай бўлишини таъкидлашмоқда.

«Кўпроқ нарсамни сотиб олай», қабилида иш тутаётган ёймачи сотувчиларнинг ичкарига кириб савдо қилишидан ҳамма манфаатдор. Бозор маъмурияти бўшаб ётган дўкон-расталарини тўлдириб, солиқ тушумларини вақтида тўлайди. Автошоҳбекат эгалари эса автомобиллар учун қулай шароитларда хизмат кўрсатади.

Агар ҳамма сотувчилар бозор ҳудудига кириб сотувчиларга хизмат кўрсатса, автошоҳбекатга келган харидорлар ҳам бозорга киришга мажбур бўлади. Бу эса ўз навбатида сотувчиларнинг ўзига ҳам, автошоҳбекат-у бозор эгаларига ҳам ечим бўлиб хизмат қилади.

Умид қиламизки, бу масалада туман ҳокимлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар сотувчилар билан суҳбат ўтказиб, уларга тегишли тушунчалар бериб муаммонинг бартараф этишади.

Kun.uz мазкур муаммо Бўстон тумани мутасаддилари томонидан қай тарзда ҳал қилинишини кузатиб боради.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид