Жаҳон | 20:46 / 16.04.2021
36243
4 дақиқада ўқилади

Навальнийнинг фонди Путиннинг «энг махфий дала ҳовлиси» ҳақида суриштирув эълон қилди

Новгород областидаги Валдай кўлида Владимир Путиннинг 250 гектар майдонни эгаллаган «энг махфий ёзги қароргоҳи» борлиги ҳақида маълумотлар эълон қилинди. Қароргоҳнинг ярми Путиннинг дўсти ва «Россия» банкининг асосий акциядори Юрий Ковальчук компаниясига тегишли экани айтилмоқда.

Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК) президент Владимир Путиннинг «энг махфий расмий ёзги қароргоҳи» бўйича суриштирувни эълон қилди. Гап Новгород областидаги Валдай кўлида жойлашган «Долгие Бороды» қароргоҳи ҳақида кетмоқда.

Кадастр ҳужжатларида қайд этилишича, ушбу қароргоҳнинг яшаш ҳудуди 250 гектарни ташкил этади. Шундан 150 гектари расмий равишда Россия ҳукуматига тегишли бўлиб, Федерал хавфсизлик хизмати томонидан доимий равишда фойдаланиб келинган.

Шунингдек, қароргоҳда қўшимча бинолар – омборлар, гаражлар ва кичик меҳмонхона уйлари мавжуд.

Коррупцияга қарши кураш фонди маълумотларига кўра, қолган ерлар Владимир Путиннинг дўсти ва «Россия» банкининг асосий акциядори Юрий Ковальчукка тегишли бўлган «Prime» МЧЖ номига рўйхатдан ўтган.

«Prime» МЧЖ қароргоҳнинг ўзига тегишли қисмини Россия президенти девонига ижарага берганини маълум қилган. Фирманинг молиявий ҳисоботларига кўра, сўнгги ўн йил ичида «Prime» ижара хизматидан 2,7 миллиард рубль даромад олган.

«Prime»дан ижарага олинган ҳудудда 80га яқин бино жойлашган. Улар орасида майдони 3500 квадрат метр бўлган тўрт қаватли асосий сарой, хитойча павильон, рус услубдаги уйлар, ҳаммом, сауна, отхона, гольф майдончаси, кинотеатрга эга вип-ресторан, боулинг, бильярдхона ва мини-казино, шунингдек, Россия президентининг шахсий черкови мавжуд.

Фонд маълумотларига кўра, асосий қароргоҳдан унчалик узоқ бўлмаган жойда икки баравар катта бино бор – бу умумий майдони деярли 7000 квадрат метрдан иборат, иккита ер ости қаватига эга бўлган курорт мажмуаси. Ушбу бино қаватлари режаси соларюм, сузувчи бассейн, криокамералар, массаж ванналари, стоматология, косметология, лой терапияси ва лимфопрессинг хоналари, 25 метрли бассейн ва алоҳида массаж блокидан иборат.

Бошқа қаватда ётоқхона, 200 метрли зал, 500 метрли яшаш меҳмонхонаси, хизмат кўрсатиш хонаси, овқатланиш учун махсус лифт ва 13 квадрат метр аквариум мавжуд. Бинонинг ертўла қисмида ходимлар учун мўлжалланган хоналари, махсус алоқа воситалари ва техник хоналар ўрин олган.

Фонд маълумотларига кўра, Валдай қароргоҳи - Путиннинг энг севимли маскани. У ҳақида жуда кам маълумот мавжуд. Хусусан, расмий фотосуратлар ва давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар.

«Қачондир Путин ҳокимиятни тарк этади, ундан қолган ҳамма нарса давлат ихтиёрига ўтади. Аммо бу ерда давлат ўз ерларининг ярмига эгалик қилади. Қолганларининг ҳаммаси – Ковальчук ихтиёрида. Йилига 300 миллион рубль исроф қилинмоқда», дейилган баёнотда.

Open Media 2018 йилда Юрий Ковалчук ва унинг оиласи Валдай кўлидаги қароргоҳ атрофидаги 460 гектар ўрмон ва далаларни олганини ва унинг бир қисмини бошқаришни бошлагани ҳақида ёзган. Маълумотларга кўра, 2017 йилда «Prime» компанияси қароргоҳ ҳудудида канализация ишларини амалга оширган ва уни ўз мулки сифатида рўйхатдан ўтказган.

Аввалроқ, россиялик мухолиф сиёсатчи, Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси Алексей Навальний Путиннинг миллиард долларлик саройи ҳақида маълумотларни эълон қилганди. Қора денгиз яқинидаги ушбу саройнинг қиймати тахминан 100 миллиард рубль атрофида баҳоланган.

Шундан сўнг, Владимир Путин россиялик талабалар билан онлайн мулоқотда Геленжикдаги саройи ҳақидаги маълумотларни инкор этиб, у ерда кўрсатилган нарсаларнинг ҳеч бири унга ёки яқин қариндошларига тегишли эмаслигини айтиб ўтган.

Мавзуга оид