Жаҳон | 17:50 / 22.04.2021
14350
1 дақиқада ўқилади

Гурбангули Бердимуҳаммедов ўғлига «Туркманистонда хизмат кўрсатган ит боқувчиси» фахрий унвонини берди

Фото: turkmenportal.com

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ўз ўғли, Бош вазир ўринбосари, Олий назорат палатаси раиси ва «Туркмен Алабай» Халқаро ассоциацияси раҳбари Сердар Бердимуҳамедовни «Туркманистонда хизмат кўрсатган ит боқувчиси» унвони билан тақдирлади.

Давлат раҳбарининг бу ҳақдаги фармони 21 апрел куни имзоланди, дея хабар берди Туркманистон телевидениесининг «Ватан» янгиликлар дастури.

Фахрий унвон Сердар Бердимуҳамедовга «Туркманистон мустақиллиги йилларида замонавий дунё илм-фан ютуқларидан фойдаланган ҳолда, дунё миқёсида Алабайнинг шон-шарафини ошириб, тизимни парвариш қилиш ва кўпайтиришда эришган улкан ютуқлари учун» берилган.

Сердар Бердимуҳамедовга бу ҳақда кўкрак нишони ва сертификат топширилган.

Маълумот учун, Туркманистонда президент Бердимуҳамедов ташаббуси билан алабай ити шарафига байрам куни жорий қилинган.

Туркман алабай байрами апрел ойининг ҳар сўнгги якшанбасида Миллий ахалтекин оти куни билан бирга нишонланади.

Мавзуга оид