Диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси Ўзбекистонни махсус рўйхатга қайтаришни тавсия қилди
АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси Ўзбекистонни «махсус кузатув остидаги давлатлар» рўйхатига қайта киритишни тавсия этди. АҚШ Давлат департаменти 2020 йил декабрда Ўзбекистонни бу рўйхатдан чиқарган эди.
Халқаро диний эркинлик масалалари бўйича АҚШ комиссияси (USCIRF) дунё миқёсидаги диний эркинлик таҳлилига доир навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботда комиссия АҚШ ҳукуматига Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича «махсус кузатув остидаги» давлатлар рўйхатига қўшишни тавсия қилган.
Давлат департаменти 2020 йил декабрда Ўзбекистонни бу рўйхатдан чиқарган эди. 2018 йил декабрда эса Ўзбекистон диний эркинлик бўйича вазият «алоҳида хавотирга молик» мамлакатлар рўйхатидан чиққанди.
Асосий эътироз – қонунчиликка
USCIRF'нинг янги ҳисоботида қайд этилишича, 2020 йилда Ўзбекистондаги диний эркинлик бўйича вазият ижобий томонга ўзгаришда давом этган.
«Йил давомида ҳукумат камида 8 та исломий бўлмаган диний ташкилотни рўйхатга олди, болаларнинг масжидга боришига қўйилган норасмий тақиқ амалда олиб ташланди, Тошкентдаги синагог бузилишдан сақлаб қолинди, айрим диний маҳбуслар озод этилди», – дейилади АҚШ комиссияси хулосасида.
Бироқ, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси, USCIRF ҳисоботига кўра, халқаро стандартларга мос келмайди. Жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Европа Кенгашининг Венеция комиссияси қонун лойиҳаси билан танишиб чиқиб, унга танқидий хулоса берган.
Қонун лойиҳасидаги қатор бандлар, хусусан диний фаолият билан шуғулланувчи ташкилотларнинг давлат рўйхатидан ўтиши шартлиги, хусусий диний таълим ва миссионерликнинг тақиқланиши, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишдаги эҳтимолий мураккабликлар, муайян жойларда диний маросимларни ўтказиш мумкин эмаслиги, диний мазмунга эга барча адабиётлар ва материаллар мажбурий тартибда экспертизадан ўтиши каби нормалар халқаро ташкилотлар томонидан маъқулланмаяпти.
USCIRF – у қандай орган?
Жаҳонда демократия ва инсон ҳуқуқлари таъминланишини мониторинг қилиш функциясини зиммасига олган АҚШ 1998 йилда халқаро виждон эркинлиги ҳақида қонун қабул қилган. Қонун билан Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ Комиссияси (USCIRF) ташкил этилиб, унга жаҳон мамлакатларида эътиқод ҳуқуқига риоя этилишини мониторинг қилиб бориш вазифаси юклатилган.
Федерал ҳукуматнинг мустақил органи ҳисобланувчи Комиссия 10 нафар аъзодан иборат, улар АҚШ президенти ва Конгресс палаталари етакчилари томонидан тайинланади. Комиссия АҚШ расмийларига дунё мамлакатларида диний ҳуқуқлар таъминланишига оид вазият юзасидан ахборот бериб, ташқи сиёсатда диний масалаларга урғу бериб туради. Ҳайъат аъзолари (комиссарлар) иштирокида Конгрессда ёки жамоатчилик учун очиқ эшитувлар ташкил этилади.
Комиссия диний эркинлик бўйича дунёдаги вазиятга оид йиллик ҳисоботлар эълон қилади. Ушбу ҳисоботлар тавсиявий характерга эга бўлса-да, АҚШ ҳукумати ва парламенти аъзолари томонидан муайян мамлакат билан ҳамкорликка оид қарорлар қабул қилишда инобатга олинади, муайян давлатлардаги вазият ҳақида халқаро жамоатчилик фикрини шакллантиришда муҳим ўринга эга.
Ҳисоботда виждон эркинлиги чекланган ёки тўла таъминлангани шубҳа остида бўлган мамлакатлар икки тоифага ажратилади: «вазият алоҳида хавотирга молик» ва «алоҳида кузатув остидаги» давлатлар. АҚШ биринчи тоифа («қора рўйхат»)даги давлатларга юқоридаги қонунга асосан иқтисодий санкциялар қўллаши, улар билан ҳамкорликни чеклаши мумкин.
USCIRF мониторинг натижаларини ҳар йили баҳор ойларида ҳисобот тарзида эълон қилиб боради. АҚШ Давлат департаменти эса юқоридаги икки рўйхатни йил сўнгида янгилайди.
Департамент Комиссия тавсияларини инобатга олмаслиги ҳам мумкин. Хусусан, 2018-2019 йилларда USCIRF Ўзбекистонни «алоҳида хавотирга молик давлатлар» рўйхатига киритишни тавсия қилган бўлса-да, ташқи сиёсат идораси республикани «махсус кузатув рўйхати»га қўшиш билан чекланган эди.
Мавзуга оид
14:35
АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади
11:10
CNN: АҚШ сайловлари Путинни Киев билан мулоқотга ундамайди
09:30
Камала Ҳаррис АҚШ президентлик сайловларида овоз берди
16:42 / 03.11.2024