Ўзбекистон | 13:45 / 24.04.2021
4290
2 дақиқада ўқилади

«Намунали уй»нинг намунасизлиги исботланди

  Қашқадарё вилояти, Муборак туманида яшовчи фуқаро Б.Р. «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖга намунали лойиҳа асосида уй-жой қуриб бериш учун буюртма берган. «У» номли қурилиш корхонаси эса ўз ишига масъулият билан ёндашмасдан, Б.Р.га яшаш учун яроқсиз бўлган уй-жойни топширган. Бу ҳақида Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди. 

Бу ҳолатдан норози бўлган фуқаро Б.Р.нинг уйни намунали лойиҳа асосида қайта қуриб бериш ҳақидаги илтимослари узоқ вақт мобайнида қурилишни назорат қилувчи ташкилот ва қурилиш корхонаси томонидан инобатга олинмаган. 

Фуқаро Б.Р.нинг ушбу масалада фуқаролик судига берган даъво аризаси эса даъво қилиш муддати ўтганлиги асос қилиниб, рад қилиб келинган. 

Оқибатда, мутахассислар томонидан яроқсиз деб топилган уйда фуқаро Б.Р. оиласи билан яшашга мажбур бўлган. Тўловларни ўз вақтида тўлаб келган.

Фуқаро Б.Р.нинг ушбу ҳолатлардан норози бўлиб ёзган аризаси Бош прокуратура томонидан ўрганилиб, суд қарорларига нисбатан протест келтирилди ва Олий суднинг 9 апрель 2021 йилдаги ажрими билан даъво талабларининг қаноатлантирилиши таъминланди.

Суд ажримига асосан, уй-жойни намунали лойиҳа асосида қайта қуриб беришни таъминлаш мажбурияти бевосита қурилишни назорат қилувчи ташкилот зиммасига юклатилди.

Мавзуга оид