Хайрия натижаси: Жамшид Исроилов Ҳиндистонда муваффақиятли операция қилинди
2021 йил 1 феврал куни сайтимиз орқали Хайрия эълон қилиниб, унда Самарқанд вилояти Иштихон туманида яшовчи Жамшид Исроилов саховатпеша инсонлардан ёрдам сўраб марожаат қилганди. Беморнинг отаси Усимбой Исроилов эса ўғлига ўз жигарини бермоқчи эканлигини айтиб ўтган.
Саховатпеша инсонларнинг ёрдами билан барча пуллар йиғилиб бўлгандан кейин бемор ва унинг яқинлари 26 март санасида Ҳиндистонга учиб кетишган эди.
Жамшид Исроиловнинг яқинларидан бири Жавлон Ботировнинг айтишича, бемор бир неча кун олдин Ҳиндистонда муваффақиятли операция қилинган. Ҳозирда беморнинг аҳволи яхши.
“Жамшидбек бир неча кун олдин муваффақиятли операция қилинди. Ҳозирда унинг аҳволи жуда яхши. Улар Аллоҳнинг меҳрибонлигидан, унга яна бир бора қайта саломатлик неъматини берганидан жуда хурсанд. Айтишларича, тўлиқ муолажалар тугашига 2 ойча вақт кетаркан. Шундан сўнг қайтишмоқчи. Айни вақтда Ҳиндистонда коронавирус билан боғлиқ вазият анча жиддий тус олган. Шу сабабли шифохоналарда ҳам назорат кучайтирилибди.
Яхши инсонлар кўп экан. Биз деярли умидни узиб бўлгандик. Бироқ Хайрия чиққандан сўнг, жуда кўпчилик қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрашди. Қўлларидан келганича ёрдам кўрсатишди. Маҳалламиз кишилари уйма-уй кириб пул йиғишди. Бу яхшиликларни бир умр унутолмасак керак. Жамшидбекнинг ўзиям яхши бўлиб, оёққа туриб кетса, бутун умр одамларга яхшилик қилиш ниятида.
Шу ўринда, Ўзбекистондаги барча саховатпеша инсонларга, Маҳалла вакиллари, шунингдек, Kun.uz жамоасига ҳам катта миннатдорчилик билдирамиз, Аллоҳ рози бўлсин”, – дейди Жавлон Ботиров.
Биз ҳам мана шундай улуғ айём кунларида ушбу юртдошимизга тезроқ тузалиб, ватанга эсон-омон қайтишига тилакдошмиз.
Мавзуга оид
14:39 / 26.03.2021
Хайрия натижаси: Дилшодбек оғир касалликдан соғаймоқда
14:05 / 01.04.2019
Хайрия натижаси: Саратонга чалинган Мастуранинг муолажалари якунланиб қолди
20:16 / 20.02.2019
Барчага ташаккур. Мураккаб операцияни кутаётган андижонлик 4 ёшли Саидолимхонга кўзланган маблағ тўла йиғилди
11:52 / 30.11.2018