Ўзбекистон | 17:59 / 12.05.2021
5650
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қуёш фотоэлектр станцияси қуриш бўйича лойиҳанинг молиявий таклифлари ўрганилмоқда

2021 йил 12 май куни Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида 200 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциясини (ҚФЭС) қуриш бўйича лойиҳа молиявий таклифларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шундан сўнг молиявий таклифлар (тариф) натижалари эълон қилинди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, лойиҳани амалга оширишга 54та халқаро компания қизиқиш билдирди. Улардан икки босқичли танловдан сўнг 5та малакали иштирокчилар ўз таклифларини (тижорат, техник ва молиявий) тақдим этди, шулардан 4таси молиявий таклифлар босқичида қатнашади.

Молиявий таклифларнинг очилиш натижалари:

1) Abu Dhabi Future Energy Company PJSC (Masdar 457 МВт) – 1 кВт.с электр энергияси учун 1,80 цент;

2) International Company for Water and Power Projects (ACWA Power 354 МВт) – 1 кВт.с электр энергияси учун 2,48 цент;

3) Jinko Power (HK) Co., Ltd. China Power Holding International (500 МВт) – 1 кВт.с электр энергияси учун 2,16 цент;

4) Total Eren S.A. TOTAL SOLAR INTL (400 МВт) – 1 кВт.с электр энергияси учун 3,39 цент.

Молиявий таклифларнинг талаб қилинган мезонларга мувофиқлиги баҳоланганидан сўнг, лойиҳани амалга оширадиган инвестор номи эълон қилинади.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан Осиё тараққиёт банки (ОТБ) кўмаги билан амалга оширилаётган умумий қуввати 1 ГВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш дастурининг бир қисми ҳисобланади.

Дастур Энергетика вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан амалга оширилмоқда. У мамлакатда тобора ортиб бораётган электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қондириш учун 2030 йилга қадар мамлакатда 5 ГВт.гача экологик тоза қуёш энергиясини ишлаб чиқариш стратегиясининг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида 200 МВт ўзгарувчан ток қувватига эга бўлган ҚФЭС лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа доирасида ишлаб чиқарувчи-инвестор 220 кВ янги нимстанцияни ва 500 кВт.ли “Сурхон” нимстанциясига уланиш учун 52 км электр узатиш тармоғини қуриши керак.

Мавзуга оид