Ўзбекистон | 11:00 / 13.05.2021
12105
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда Мирзо Улуғбек илмий асарларига монанд аэропорт қурилмоқда

Бу ҳақда Air Marakanda компанияси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Самарқанд шаҳрида қурилаётган халқаро аэропорт терминалининг лойиҳаси ғояси XIV асрдаги Мовароуннаҳр буюк ҳукмдори, шоир, астроном ва математик Мирзо Улуғбекнинг илмий асарларига бориб тақалади.

«Зижи жадиди Курагоний» Улуғбекнинг асосий илмий асари сифатида тан олинган, асарда астрономиянинг назарий асослари ва 1000 дан ортиқ юлдузнинг координаталари акс эттирилган. Шунга мувофиқ аэропорт терминали юлдузлар туркуми акс эттирилган очиқ китоб кўринишига эга ва шу йўл билан Мирзо Улуғбекнинг илмий асарлари тасвирланган.

«Биз Самарқандни туристик хабга айлантирмоқчимиз. Бунинг учун аввало аэропорт талаб даражасида бўлиши керак. Шунинг учун ҳам Самарқанд аэропорти янги лойиҳаси биз учун жуда муҳим», - деди вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Нуруллаев.

Халқаро талаблар

«AIR MARAKANDA» компанияси Мюнхен халқаро аэропорти (Германия) ва Истанбул халқаро аэропорти (Туркия) мутахассислари билан ҳамкорликда Ўзбекистон учун ноёб бўлган ORAT (Operational Readiness, Activation and Transition) – эксплуатацион тайёргарлик, ишга тушириш ва операцион фаолиятни янги инфратузилмага ўтказиш методологияси дастурини амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. Ушбу дастур аэропортни ишга туширишда катта миқдордаги турли хил технологик ва бизнес жараёнларининг мураккаб тармоқларини тизимлаштириш ва синхронлаштириш имконини беради.

Йирик сайёҳлик хаби

Lufthansa, KPMG ва Freshfields Bruckhaus Deringer каби компаниялар томонидан янги аэропорт фаолиятини бошқаришнинг молиявий ва ҳуқуқий жиҳатлари кўриб чиқилмоқда. Мюнхен ва Истанбул аэропортлари экспертлари ва мутахассисларининг фикрига кўра, ушбу тизим аэропортларни бошқариш соҳасида илғор технологияларни жорий этишни таъминлайди, авиакомпаниялар, йўловчилар ва республика аҳолисининг эҳтиёжларига хизмат қилади, шунингдек, «Самарқанд» халқаро аэропортини йирик транспорт ва сайёҳлик хабига айлантиради.

Эътиборли томони, аэропорт қурилишига 80 миллион доллар миқдорида хусусий инвестиция жалб қилинган. Янги терминални қуришга 500 дан ортиқ мутахассис жалб қилинган. Ишчилар сони — 567 киши, муҳандис ва техник ходимлар сони — 25 киши, шундан маҳаллий аҳоли вакиллари — 561 киши, чет эллик мутахассислар сони — 6 киши.

«Самарқанд» халқаро аэропорти янги терминалининг қурилиши 2021 йилнинг 1 сентябрида якунланиши кўзда тутилган. Аэропорт давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолият кўрсатади.

Давлат-хусусий шериклик — бу ижтимоий аҳамиятга эга вазифалар бўйича давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик бўлиб, лойиҳаларни молиялаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича умумий саъй-ҳаракатларни амалга оширишни назарда тутади, шунингдек, ушбу турдаги ҳамкорлик ҳар икки томон учун манфаатли шартларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Давлат ва хусусий сектор ўртасидаги шериклик натижасида томонлар қуйидаги афзалликларга эга бўлишади:

  • ҳар икки томоннинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда юзага келадиган қиёсий устунлик туфайли янада ривожланган инфратузилма ечимларини қўллаш имконияти;
  • лойиҳаларни тезроқ ва сифатли якунлаш, натижада фойдани тезроқ тақсимлаш имконияти;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг юқори рентабеллиги, иккала томоннинг имкониятларини бирлаштириш инновацион дизайн ва молиялаштириш усулларини қўллаш имкониятини тақдим этади;
  • юзага келиши мумкин бўлган хатарларни лойиҳанинг дастлабки босқичида баҳолаш ва тақсимлаш имконияти;
  • хусусий секторнинг тажрибаси ҳисобига харажатлар ўсишини чеклаш имконияти;
  • харажатлар самарадорлиги ва хусусий инвестициялар ҳиссасини ошириш ҳисобига бюджет дефицитини камайтириш имконияти.

Бугунги кунда бундай шаклдаги ҳамкорлик кўплаб ривожланган мамлакатларда ўзини оқлаган.

Air Marakanda компанияси ахборот хизмати

Мавзуга оид