Ўзбекистон | 23:12 / 21.05.2021
33271
5 дақиқада ўқилади

Евросиё олий иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида нималар муҳокама қилинди?

21 май куни Евросиё олий иқтисодий кенгашининг видеоконференция шаклидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Россия президенти Владимир Путин, Куба президенти Мигел Диас-Канел Бермудес, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ва Евросиё иқтисодий комиссияси раиси Михаил Мясникович иштирок этди.

Мазкур йиғилишда давлат раҳбарлари пандемия ва унинг оқибатларини бартараф қилиш, ички бозордаги тўсиқлар ва бошқа муҳим мавзуларда сўз юритди.

Тўсиқларни бартараф этиш

Йиғилишда қатнашган барча раҳбарлар ЕОИИ ичидаги турли тўсиқларни олиб ташлаш ва умумий бозорлар ташкил этишни жадаллаштириш фикрини билдирди. Россия президенти Владимир Путин "товарлар савдосидаги кераксиз тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаш" алоҳида эътибор талаб қилишини ва бу йўналишда иш олиб борилаётганини таъкидлади.

У шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархининг кескин кўтарилиши муаммосини ҳал қилишга қаратилган ҳамкорликдаги ҳаракатларни қайд этди. Унинг сўзларига кўра, яқинда "шакар бозорида ЕОИИ давлатларининг нарх сиёсатини мувофиқлаштиришга қаратилган аниқ қарорлар" қабул қилинди.

Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян Ереван учун умумий газ бозорини ташкил этиш ва уни учинчи мамлакатлардан импорт қилиш бўйича тариф ўрнатиш устувор эканини айтди. Беларусь раҳбари Александр Лукашенко эса ЕОИИ учун "углеводородлар ички савдосида доллардан воз кечиш қарорини қабул қилиш" вақти келганини таъкидлади.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг айтишича, ички бозорни ҳимоя қилиш бўйича чеклов чоралари агросаноат мажмуаси ривожини тўхтатиб қўйиши ва озиқ-овқат тақчиллигига олиб келиши мумкин.

"Албатта, айрим ҳолларда вақтинчалик чекловлар қабул қилинишини оқлаш мумкин. Аммо шу билан бирга, бундай чекловлар иттифоқ мамлакатларига нисбатан қўлланилмаслиги керак деб ҳисоблайман", – деди у.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ЕОИИга аъзо давлатлар ўртасидаги тўсиқларни бартараф этишда ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

“Биз Евросиё иқтисодий комиссияси ва аъзо давлатлар билан тўсиқларни бартараф этиш ҳамда савдо-сотиқни тартибга солишнинг тарифсиз чораларини янада яқинлаштириш бўйича фаол ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, деди Мирзиёев.

Қатновларни тиклаш

Ўзбекистон президенти, шунингдек, Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар ўртасида мунтазам авиақатновларни тиклашни таклиф қилди. 

"Эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашишини, мамлакатларимизда аҳолини эмлаш жараёнини ҳисобга олган ҳолда, биз мунтазам ҳаво ва темир йўл қатновини тиклаш вақти келди, деб ўйлаймиз", деди Шавкат Мирзиёев.

Беларусь президенти Александр Лукашенко эса ЕОИИ маконида фуқароларнинг эркин ҳаракатланишини тиклаш бўйича “ўзаро ҳаракатлар алгоритми”ни келишиб олишга чақирди.

"Албатта, коронавирус ва бошқа касалликларнинг тарқалишини чеклаш чораларини кўрган ҳолда", - деди у.

Ташқи бозор

Йиғилишнинг яна бир мавзуси Евросиё иқтисодий иттифоқига кирмайдиган мамлакатлар билан савдо-сотиқни ривожлантириш бўлди. Хусусан, Путин Индонезия ва Монголия билан эркин савдо тўғрисида келишув имзолаш масаласини ўрганиб чиқишни, Ҳиндистон билан бу борада музокара бошлашни, Исроил ва Миср билан эса музокараларни фаоллаштиришни таклиф қилди.

Путин шунингдек, Лукашенконинг Хитой билан фаолроқ ҳамкорлик қилиш таклифини ҳам қўллаб-қувватлади. Унинг сўзларига кўра, "шу билан хавфсизлик, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда Улкан Евросиё ҳамкорлигини шакллантириш ғоясини амалга ошириш учун яхши асос пайдо бўлади".

Вакцина тўғрисида

ЕОИИ мамлакатлари раҳбарлари пандемия ва унга қарши курашиш мавзусига ҳам тўхталиб ўтишди. Путиннинг сўзларига кўра, Беларусь ва Қозоғистон ортидан Арманистон ва Қирғизистонда ҳам "Спутник V" вакцинасини ишлаб чиқариш бошланиши мумкин. 

Қозоғистон президенти эса айнан иммунизация вирусга қарши кураш гарови эканини таъкидлади ва бу соҳадаги ҳамкорликни давом эттиришга чақирди.

Шунингдек, Тўқаев давлат раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши анъанавий шаклда ўтишига умид билдирди.

Мавзуга оид