Жамият | 16:58 / 26.05.2021
5820
1 дақиқада ўқилади

2021 йил бошидан буён 26 нафар фуқаро чўкиб кетган - ФВВ

Жорий йилнинг 25 май кунига қадар ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари томонидан жами 26 нафар фуқаронинг чўкиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар қайд этилган.

АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи ўринбосари Самандар Ҳикматуллаевнинг маълум қилишича, 2021 йилнинг беш ойи мобайнида юз берган ушбу ҳолатларнинг 14таси вояга етмаган шахслар иштирокида кузатилган.

“2020 йилда жами 160дан ортиқ чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар қайд этилган бўлиб, булардан 57 нафари чўмилиш қоидаларига амал қилмаслик (рухсат этилмаган жойда чўмилиш) оқибатида сувда чўкиш, 40 нафари чўкишда гумон қилинганлар, 58 нафари эҳтиётсизлик оқибатида (кўприклардан ўтиш, болаларга эътиборсиз бўлиш) чўкиш, 6 нафари ўз жонига қасд қилиш ва 4 нафари жиноят оқибатида чўкишларга тўғри келади”, деди Самандар Ҳикматуллаев.

Унинг маълум қилишича, ушбу чўкиб кетган фуқароларнинг 50 фоиздан ортиғи вояга етмаганлар экани аниқланган.

Шунингдек, мутасадди ота-оналарга ёз фасли муносабати билан чўмилиш ҳавзаларига бораётган фарзандларини назоратсиз қолдирмаслик, тақиқланган жойларда чўмилмаслигига эътиборли бўлиш кераклиги ҳақида эслатма берди.

Мавзуга оид