Ўзбекистон | 13:07 / 26.05.2021
3102
2 дақиқада ўқилади

Электр узатиш тармоғида аварияли узилиш сабабли чархпалак тўхтаб қолганлиги маълум қилинди

Жорий йилнинг 25 май куни Ўзбекистон тумани марказида жойлашган Алишер Навоий истироҳат боғида электр таъминотидаги узилиш сабабли аттракцион чархпалак ичида одамлари билан тўхтаб қолганлиги ҳақида хабар берилганди. 

"Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" АЖ мазкур ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди:

«Ўзбекистон тумани марказида жойлашган Алишер Навоий истироҳат боғи 110/35/10 кВли "Яйпан" нимстанциясидан чиқувчи 10 кВли "Ислом" электр узатиш ҳаво тармоғига уланган 272-сонли трансформатор пункти орқали электр энергияси билан таъминланади.

25 май куни соат 14:40 да 10 кВли "Ислом" электр узатиш тармоғида аварияли узилиш содир бўлган. Тезкор навбатчилик гуруҳи томонидан юзага келган аварияли узилишни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилиб, узатмада юзага келган узилиш нуқтаси аниқланиб, тезкорлик билан носозлик бартараф этилган. Узатмага соат 15:41 да кучланиш берилган ва соз ҳолатда тармоққа уланган.

Юқорида кўрсатиб ўтилган аварияли узилиш вақтида Ўзбекистон тумани марказида жойлашган Алишер Навоий истироҳат боғидаги барча электр қурилмалар соз ҳолатда бўлган. Аварияли узилиш вақтида келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», – дейилади расмий муносабатда.

Аввалроқ, Олтиариқ тиббиёт бирлашмасида электр тақчиллиги кузатилганлиги, қуёш батареялари ишдан чиққанлиги ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид