Ўзбекистон | 13:52 / 28.05.2021
8930
6 дақиқада ўқилади

Россия соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистонга келди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистонга вазир Михаил Мурашко бошчилигидаги Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси  ташрифи бошланди. 

«Делегация таркибига Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, шунингдек, академик В.И. Шумаков номидаги трансплантология ва сунъий органлар миллий тиббиёт илмий-тадқиқот маркази директори Сергей Готье ва Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети ректори Сергей Лукьянов каби юқори даражадаги мутахассислар кирди. 

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар юқори даражадаги мунтазам учрашувлар билан тавсифланади. Хусусан, 2017 йилнинг апрель ойида мамлакатимиз президенти Шавкат Мирзиёев Россияга давлат ташрифи билан борди. Олий даражадаги музокаралар чоғида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, қатор долзарб халқаро ва минтақавий мавзулар бўйича фикр алмашилди. Ташриф давомида ҳукуматлараро, идоралараро ва корпоратив ҳужжатлар тўплами имзоланди. 2018 йилнинг октябрида эса Россия Федерацияси президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан юртимизга келди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Aбдуҳаким Ҳожибоевнинг Россия Федерациясига ташрифи икки мамлакат ўртасида соғлиқни сақлашнинг қатор йўналишларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Трансплантация соҳасида сезиларли ютуқларга эришилди. 

Имзоланган ҳамкорлик шартномалари доирасида ҳозирда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази тиббиёт ходимлари Россиянинг академик В.И. Шумаков номидаги трансплантология ва сунъий органлар миллий тиббиёт илмий-тадқиқот марказида малака оширишни бошлашди. 

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегациясининг ташрифи тиббиётнинг долзарб йўналишлари бўйича келишувларни самарали бажаришни давом эттириш мақсадида амалга оширилмоқда», дейилади Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Cоғлиқни сақлаш вазири Aбдуҳаким Ҳожибоев Мурашко бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

«A.Ҳожибоев делегация аъзоларини юртимизга ташриф буюргани билан қутлар экан, COVID-19 пандемияси пайтида мамлакатлар ўртасидаги алоқалар муваффақиятли синовдан ўтганини таъкидлади. Ушбу давр мобайнида икки давлатнинг тиббиёт соҳасидаги мутахассислари иштирокида жами 200дан ортиқ видеоконференциялар, онлайн консультациялар, масофавий семинарлар, веб-семинарлар ва тренинглар ўтказилди.

Шунингдек, Россия тиббиёт мутахассисларининг мамлакатимизга бир неча бор ташрифлари уюштирилди. Чет эллик мутахассислар ўз ташрифлари давомида карантин чораларини юмшатиш бўйича тавсиялар беришди, COVID-19 билан касалланганларни даволаш протоколларига таклифлар ва мулоҳазалар билдиришди, карантин зоналари ва беморларни даволаш учун мўлжалланган шифохоналарда бўлишди, шунингдек, юртимизда коронавирус инфекцияси билан курашишга жалб қилинган ходимлар учун онлайн консультациялар ўтказишди.

Бугунги кунда бутун дунёда, шунингдек, Ўзбекистон ва Россияда ҳам аҳоли COVID-19га қарши эмланмоқда. «Спутник V» вакцинасининг биринчи партияси шу йилнинг апрель ойи охирида мамлакатимизга етказиб берилди.

Мулоқот давомида айтилганидек, Россияда малакали профессор-ўқитувчилар меҳнати, ўқув дастурларининг турли туманлиги ва иқтидорли талабалар учун стипендия дастурлари мавжудлиги туфайли тиббий таълим сифати дунёда юқори кўрсаткичлардан бирини эгаллайди. Шу сабабли, Россия билан барча соҳалар сингари соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш алоҳида аҳамиятга эга. 

2019/2020 ўқув йилида юртимизнинг 9та тиббиёт олий ўқув юртлари Россия Федерациясининг 12та тиббиёт олий ўқув юртлари билан биргаликда қўшма таълим дастурларига мувофиқ бакалавриатнинг 6та йўналиши, магистратуранинг 2та мутахассислиги ва клиник ординатуранинг 11та мутахассислиги бўйича ўқитишни бошлади. Тошкент тиббиёт академияси негизида И.М. Сеченов номидаги Биринчи Москва давлат тиббиёт университети билан университетлараро ҳамкорлик маркази очилди. 

Юртимизда 2019-2020 йилларда 150дан ортиқ россиялик мутахассислар иштирокида 36 конференция, 19 вебинар, 7 конгресс ташкил қилинди. 

Фақатгина 2020 йилда Россия Федерациясининг етакчи тиббиёт ва таълим муассасаларидан 80га яқин мутахассислар юқори технологияли тиббиёт соҳасида маҳорат дарсларини ўтказиш ва намойиш этиш учун мамлакатимизга таклиф қилинди. 2019-2020 йиллар давомида Россия Федерациясининг етакчи клиникалари ва тиббиёт марказлари ҳамда ўқув муассасаларида 300га яқин мутахассисларимиз малакасини оширди.

Учрашув давомида томонлар тиббий таълим, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам, онкогематология, жумладан, болалар онкогемотологияси хизмати ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиологик осойишталик, жамоат саломатлиги каби қатор йўналишларда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.

Тиббий таълим, фан ва амалиётни ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университетининг филиалини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди. 

Учрашув якунида юртимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. 

Бу эса Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилашга хизмат қилади», дейилади вазирлик хабарида.

 

Мавзуга оид