Жаҳон | 20:33 / 31.05.2021
15057
1 дақиқада ўқилади

Ryanair самолёти «миналаштирилгани» ҳақидаги хабардан кейин Берлинда қўндирилди

Берлинда 30 май куни кечаси Ryanair авиакомпаниясининг Дублиндан Краковга рейс бажарган самолёти фавқулодда қўнишни амалга оширди. Bild Zeitung нашрининг хабар беришича, бу самолёт бортида бомба борлиги ҳақидаги хабардан кейин юз берган.

Фото: Getty Images

Самолётдаги барча йўловчилар эвакуация қилинган. Барча юк кўздан кечирилган, бироқ ҳеч қандай портловчи модда топилмаган.

Самолётда 160 киши бўлган ва у 31 май эрталабгача учиш-қўниш йўлагида ушлаб турилган.

Йўловчилар Польшага захира самолётида жўнатилган.

23 май куни Ryanair’нинг Афинадан Вильнюсга рейсни амалга оширган самолёти худди юқоридаги сабабга кўра Минскда қўндирилганди. Самолётда бомба топилмаган, аммо унда учган беларуслик мухолифатчи журналист Роман Протасевич қўлга олинган.

Ушбу ҳодиса халқаро можаро келтириб чиқарган. Бир қатор давлатлар бунда Беларусни айблаб, у билан авиаалоқани тўхтатишга ва республика авиакомпанияларига ўз ҳудудлари устидан учишни тақиқлашга қарор қилган. Ғарб давлатлари ҳодиса юзасидан Беларусга нисбатан санкциялар тайёрламоқда.   

Мавзуга оид