ДХХ катта миқдордаги гиёҳванд моддаларнинг мамлакатга олиб кирилишига чек қўйди
Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бошқармаси ходимларининг Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида “Самарқанд - Тошкент” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси Сирдарё вилоятидаги “Янгиобод” ЙПХ масканида тўхтатилди, деб хабар бермоқда ДХХ матбуот хизмати.
Автомашина кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган чет эл фуқароси ҳамда Тошкент шаҳрида яшовчи маҳаллий фуқаро ёнида 3 кг 165 гр. “опий” гиёҳвандлик воситаси ҳамда 35 дона психотроп таблетка борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида улар мазкур гиёҳванд моддаларни Самарқанд шаҳридаги автотураргоҳда халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси бўлган чет эл фуқаросидан 15 минг АҚШ долларига сотиб олганликлари маълум бўлди.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу хорижлик ҳайдовчи вақтинча бўлиб турган Самарқанд шаҳридаги автотураргоҳ ҳамда унинг бошқарувида бўлган юк автомашинаси кўздан кечирилганда, автомашина салон қисмида 15 минг АҚШ доллари ҳамда у томонидан автотураргоҳнинг ёрдамчи биносига яшириб қўйилган 3 кг 960 гр. “опий” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинди.
Аниқланишича, Афғонистонда етиштирилган ушбу наркотик моддалар учинчи давлат орқали мамлакатга олиб кирилган.
ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Тошкент - Қўқон” йўналишида ҳаракатланиб келаётган “Нексия-1” русумли автотранспорт воситаси Данғара тумани ҳудудида тўхтатилди.
Автомашина кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи 3 нафар фуқарога тегишли бўлган 1 кг.дан ортиқроқ оғирликдаги “гашиш” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Маълум бўлишича, ушбу гиёҳванд модда Тожикистонда 7 минг АҚШ долларига сотиб олиниб, сўнгра Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳудудига контрабанда йўли билан олиб ўтилган. Оғуфурушлар уни Қўқон шаҳрида сотишни режалаштиришган.
Фарғона туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқаро Қирғизистоннинг Қадамжой районида истиқомат қилувчи шахс томонидан ўзбек-қирғиз давлат чегарасидаги сим тўсиқлар устидан улоқтирилган 1 кг 367 гр. “гашиш” гиёҳвандлик моддасини қабул қилиб олиб, келгусида сотиш мақсадида ўз хонадонига яшириб қўяди.
ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда унинг хонадонидан ушбу гиёҳвандлик моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Фарғона туманида кузатилган яна бир ҳолатда 1981 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаро ўз яшаш хонадонида 1981 йилда туғилган ҳамқишлоғидан 983 гр. “гашиш” моддасини қабул қилиб олган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ушланди. Шунингдек, ушбу ажал оғусини қўшни давлатдан олиб ўтишга кўмаклашган 1995 йилда туғилган учинчи шахс ҳам қўлга олинди.
Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси Қирғизистонда 6.500 АҚШ долларига сотиб олиниб, контрабанда йўли билан республика ҳудудига олиб ўтилган.
ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Наманган - Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган Наманган шаҳрида яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги “Нексия-3” автомашинаси Қамчиқ довонида жойлашган ЙПХ масканида тўхтатилди.
Автомашина кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида Қирғизистон Республикасидан ноқонуний олиб келинган 2 800 дона капсуладаги “Регапен” ва 1 309 дона флакондаги “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, дейилади ДХХ хабарида.
Мавзуга оид
14:41 / 06.11.2024
5 сотих ерни фуқарога расмийлаштириб бермоқчи бўлган экология бўлими бош инспектори 20 минг доллар билан ушланди
17:42 / 05.11.2024
Тошкент вилоятида МИБ, солиқ, божхона ходимлари пора билан ушланди
17:25 / 04.11.2024
Қашқадарё, Навоий, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида беш нафар адвокат қўлга олинди
08:30 / 04.11.2024