Жаҳон | 11:28 / 04.06.2021
5204
2 дақиқада ўқилади

Индонезия коронавирус боис бу йилги ҳажни ҳам бекор қилди

Дунёнинг мусулмон аҳоли сони бўйича биринчи мамлакати ҳисобланувчи Индонезия ҳукумати COVID-19 пандемияси хатари боис ўз фуқароларига иккинчи йилдирки ҳаж ибодатини адо этишни бекор қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги мамлакат дин ишлари бўйича вазир баёнотига асосланган ҳолда хабар қилмоқда.

Маълумотларга кўра, аксар кўпчилик индонезияликлар учун ҳаж сафари умрида бир марта адо эта оладиган ибодатдир. Улар квота тизими боис 20 йил давомида навбат кутишларига тўғри келади.

«Пандемия боис ҳамда зиёратчиларнинг хавфсизлиги нуқтайи назаридан ҳукумат бу йил ҳам индонезияликларга ҳажга боришга рухсат бермасликка қарор қилди», - деган дин ишлари бўйича вазир Yaqut Cholil Qoumas.

Унинг айтишича, Саудия Арабистони ҳамон бу йилги ҳаж квоталарини эълон қилгани йўқ.

«Бундай қарор қилган фақат Индонезия эмас. Ҳеч бир давлат ҳозирча квота олгани йўқ. Чунки, бу борада англашув меморандуми имзолангани йўқ. Ҳаж пулини тўлаб қўйганлар келгуси йили ҳажни адо этади», - дея қўшимча қилган вазир.

Саудия Арабистони ҳукумати коронавирус тарқалишини жиловлай олган дунёнинг 11 мамлакати фуқароларига подшоҳликка киришга рухсат берган эди. Шу билан бирга, уларга ҳам карантин чоралари қўлланилиши белгиланди.

Пандемия боис глобал миқёсда ижтимоий масофа чоралари қўлланилмасдан илгари дунё бўйлаб йилига 3 млн атрофида мўмин-мусулмонлар Исломнинг бешинчи арконини адо этиш учун Макка ва Мадинани зиёрат қилар эди. 

Мавзуга оид