Жамият | 13:28 / 04.06.2021
7532
2 дақиқада ўқилади

Реабилитация марказларига зўравонликдан ҳимоя сўраб 209 нафар эркак мурожаат қилган 

Реабилитация марказларига зўравонликдан ҳимоя сўраб 209 нафар эркак мурожаат қилган. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилором Қўзиева айтиб ўтди.

Маълум қилинишича, президент қарори билан хотин-қизлар реабилитация марказлари оптималлаштирилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурига ўтказилади. 

“Эндиликда улар давлат муассасаси сифатида фаолият кўрсатади. 1та Республика маркази, 14та вилоят маркази ва 14та намунавий минтақалараро марказ, жами 29та аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ташкил этилади. Марказлар давлат томонидан тўлиқ молиялаштирилади. 

Ҳозирги кунга қадар реабилитация марказларига 4200дан ортиқ фуқаро мурожаат қилган. Уларнинг 3827 нафари аёл, 169 нафари бола, 209 нафари эркаклардир. Мурожаат қилганларнинг 1347 нафари руҳий, 845 нафари жисмоний, 23 нафари жинсий, 394 нафари иқтисодий, 1596 нафари бошқа масалаларда зўравонлик ҳолатларидан шикоят қилган”, дейди вазирлик вакили. 

Қайд этилишича, қонунчиликда зўравонликнинг 4та тури бор: жисмоний, жинсий, руҳий, иқтисодий зўравонлик.  

“Лекин бизнинг таҳлилларимиз оилавий-маиший зўравонлик ҳолатлари ҳам кўп учраётгани ва бунга етарлича таъриф берилмаётганини кўрсатмоқда. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги юқори турувчи органларга 2019 йилда қабул қилинган "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунига тегишли ўзгартиришлар киритиш борасида таклифларини киритди”, деди Дилором Қўзиева.

Мурожаатлар таҳлилига кўра: 

  • оилавий зўравонлик эр-хотин ўртасида доимий келишмовчилик туфайли – 1889та ҳолатда;
  • учинчи томон аралашуви туфайли зўравонлик – 457та ҳолатда;
  • ота-она ва фарзанд ўртасида зўравонлик – 101та ҳолатда аниқланган.

Мавзуга оид