Спорт | 19:39 / 08.06.2021
28513
15 дақиқада ўқилади

Евро-2020, A гуруҳи: ўйинлар тақвими, прогнозлар, фактлар ва таркиблар

Европа чемпионати иштирокчилари билан танишув. А гуруҳида мухлисларни қандай ўйинлар кутмоқда?

ТУРКИЯ

  • ФИФА рейтингидаги ўрни — 29
  • Евро-2020га йўл — 7 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият, тўплар нисбати — 18-3
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар — Женк Тўсун (5 гол)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижаси — яримфинал (2008)

Туркия бош мураббийи

Шенол Гунеш — ортиқча муболағасиз айтиш мумкинки, турк футболи афсонаси. 2002 йилда у Туркияни тарихидаги энг яхши натижа сари етаклаб борган — жаҳон чемпионатида бронза медаллар қўлга киритилган. Турнир давомида турклар икки мезбон давлатни — 1/8 финалда Японияни (1:0), 3-ўрин учун баҳсда Жанубий Кореяни мағлуб этган (3:2). 69 ёшни қоралаган Гунеш Евро-2020га турк футболчиларининг бутунлай янги авлоди билан келмоқда.

Асосий юлдузлар

Туркия термасининг ҳар бир чизиғида Европа миқёсидаги кучли футболчилар бор, аммо уларнинг бири бошқаларидан анча ажралиб туради. Хоқон Чалхонўғли — турклар ҳужумининг мияси. Евро-2020 саралашида у фақат бир ўйинда қатнашмади. Ҳозирда Чалхонўғли клубида ҳам, миллий жамоада ҳам юқори спорт формасида. Якунланган мавсумда «Милан» учун 43 учрашувда ушбу яримҳимоячи 9 гол урди ва 12 голга узатма берди. ЖЧ-2022 саралаши доирасида март ойида ўтказилган икки ўйинда Чалхонўғли икки гол уриб, уч голга узатма берди. Евро-2020да ҳам Туркия етакчиси порлаши кутилмоқда.

Таркиб

Туркия Евро-2020нинг энг ёш жамоаси саналади – ўртача ёш 25. Туркия термаси ҳимояси марказини — «Лестер» аъзоси Чағлар Суюнчи ва «Ювентус» вакили Мерих Демирал эгаллайди, майдон марказида ҳужумларни ташкил этувчи Хоқон Чалхонўғли, техникаси юқори бўлган Денгиз Ундер, ҳужум марказида эса Франция чемпионатининг якунланган мавсум қаҳрамонларидан бири Бурак Йилмаз. Туркия термасининг оптимал таркибида номлар кўп. Бу жамоани саралашда ҳатто амалдаги жаҳон чемпиони Франция ҳам мағлуб эта олмади. 

Оптимал таркиб: Угуржан Чақир – Чағлар Суюнчи, Мерих Демирал, Мерт Мулдур, Умут Мераш – Окай Йокушлу, Ўзон Тўфон, Ҳоқон Чалхонўғли – Бурак Йилмаз, Юсуф Язижи, Кенан Караман. 

Туркия: Евро-2020 учун прогноз

Бу жамоа 2008 йилги Европа чемпионати чоракфиналида фаворитлардан бири Хорватия устидан драматик ғалабага эришган (турклар 119-дақиқада гол ўтказиб, 120+2-дақиқада ҳисобни тенглаштиришади ва пенальтилар сериясида ғалаба қозонишади), яримфиналда чалажон ҳолатда қолганига қарамай, Германияга қийинчилик туғдирган Туркиянинг натижасини (3-ўрин) такрорлаши мумкин. Шунингдек, бош мураббий Гунеш 2002 йилги мундиалда миллий жамоа билан яримфиналга бориб, сенсация қайд этганини ҳам эслаш ўринли. Энг муҳими, Туркия исталган рақибга «жанг» таклиф қила олади.

Тенг кучли жамоалар ўрин олган А гуруҳида Туркия плей-офф учун даъвогарлик қилади. Сўнгги йилларда Гунеш шогирдлари жаҳоннинг энг кучли жамоалари билан тенгма-тенг ўйнашга қодирлигини кўрсатиб келмоқда. Шу туфайли, турклар гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқишини кутиш ҳам мумкин. 

Туркия учун Италия билан бўладиган биринчи баҳс (турнирнинг очилиш ўйини) муҳим. Жамоа Италиядан очко тортиб олса, бу кейинги ўйинлар учун мотивация беради, футболчиларнинг ўзига бўлган ишончи ортади. Итальянларга қарши тўқнашувда кўп нарса А Серия ҳавосидан баҳраманд бўлган Демирал, Чалхонўғли, Ундер, Ойхон каби футболчиларга боғлиқ. Аммо нисбатан реал вариант иккинчи ўрин учун Швейцария билан кураш бўлади, бу жамоаларнинг ўзаро учрашуви сўнгги турда бўлиб ўтади.

ИТАЛИЯ

  • ФИФА рейтингидаги ўрни — 7
  • Евро-2020га йўл — 10 ғалаба, 0 дуранг, 0 мағлубият, тўплар нисбатидаги фарқ — 37-4
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар — Андреа Белотти (5 гол)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижалари — ғалаба (1968), 2-ўрин (2000, 2012)

Италия бош мураббийи

ЖЧ-2018 саралашидаги муваффақиятсизликдан кейин италияликлар жамоасини Роберто Манчини қабул қилиб олади. Унинг бошқаруви даврида «Скуадра адзурра» фақат икки ўйинда мағлуб бўлган — Франция билан ўртоқлик ўйинида (1:3) ҳамда 2018 йил Миллатлар лигаси кубогида Португалияга қарши ўйинда (0:1). Ўшандан буён итальянлар қаторасига 27 ўйиндан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда (жамоа 8 ўйиндан буён дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолмоқда). Манчини 2004 йилдан 2006 йилга қадар 25 ўйиндан иборат мағлубият серияни қайд этган Марчело Липпининг натижасини янгилади. Ўтган асрнинг 30-йилларида Италия Италия Витторио Поцци бошқарувида қаторасига 30 ўйинни мағлубиятсиз ўтказганди. «Скуадра адзурра» янги рекорд ўрнатиши учун Евро-2020 чорак финалига қадар мағлубиятсиз ўйнаши керак бўлади — бу эса уддалаш мумкин бўлган вазифа.

Ҳозирги Италия ўйин услуби жиҳатидан аввалгиларидан ҳужумкор ва ёрқин футбол кўрсатади. А Серияда Гасперинининг «Аталанта»сига тақлидан кўп клублар интенсив, ҳужумкор ўйин намойиш қилишмоқда. Бу эса миллий жамоага ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Ўз навбатида, Манчини «Манчестер Сити»даги фаолиятидан бери итальянча ҳимояви услубдан воз кеча бошлаганди. 

Италиянинг ҳам ютуқ, ҳам камчилиги – мураббийнинг ротациялари. Жамоанинг сўнгги йиллардаги кетма-кет икки ўйинидаги таркибини таққослаганда, доим камида 5-6 ўзгариш кузатилади. Бу ҳозирча ўзини оқламоқда. Аммо катта турнирлардаги катта ўйинларда ротация панд бериб қолиши ҳам мумкин.

Асосий юлдузлар

Турнир фаворитларидан бири сифатида қаралаётган итальянлар Евро-2020га ҳар бир чизиқда етакчи футболчилар билан етиб келишган: дарвозабон — Жанлуиджи Доннарумма, кексайишни билмайдиган фахрийлар — Жоржо Кьеллини ва Леонардо Бонуччи, ёш яримҳимоячи — Никола Барелла, ҳужумчи — Федерико Кьеза. Аммо шундай кучли таркибда ҳам кўп нарса унга боғлиқ бўлган бир футболчи бор. Гап «ПСЖ» етакчиси — Марко Верратти ҳақида. У майдонда кўп иш қилади — ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам. Агар Верратти Евро-2020 давомида хотиржамликни сақлаган ҳолда ўйнай олса (клубида у кўп қизиққонлик қилиб кераксиз карточкаларга сабаб бўлади), итальянларнинг турнирдаги ғолиблик учун имконияти ортади.

Таркиб

Итальянларнинг бу таркиби аввалгиларига қараганда юлдузли эмас деб айтишмоқда, аммо ҳар бир чизиқда ёрқин футболчилар топилади. Дарвозада Доннарумма, «Ювентус»нинг афсонавий ҳимоячилари — Кьеллини ва Бонуччи — ҳимоя марказида, Чемпионлар лигаси ғолиби Жоржиньо ҳам таркибда, таянч яримҳимоячида унга Верратти қарашади, яримҳимоя чизиғида А Серия юлдузи Барелла, ҳужум чизиғида «Юве»нинг янги етакчиси — Кьеза. Италия терма жамоаси оптимал таркиб билан кўпларга даҳшат сола олади.

Оптимал таркиб: Доннарумма – Кьеллини, Бонуччи, Флоренци, Эмерсон – Жоржиньо, Верратти, Барелла – Иммобиле, Инсинье, Кьеза. 

Италия: Евро-2020 учун прогноз

Аввалги йирик халқаро турнир — ЖЧ-2018да Италия саралашдан ўта олмай қатнаша олмаганди, шу туфайли улар мухлислар кўз ўнгида ўзларини оқлашлари керак. Ҳатто бундай қийин гуруҳдан ҳам улар қийинчиликсиз 1/8 финал босқичига ўтишлари талаб этилади, плей-оффда эса ҳақиқий синовлар бошланади. Италия терма жамоаси учун Евро-2020 яримфиналигача бориш ёмон натижа бўлмайди.

УЭЛЬС

  • ФИФА рейтингидаги ўрни — 17
  • Евро-2020га йўл — 4 ғалаба, 2 дуранг, 2 мағлубият, тўплар нисбати — 10-6
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурарлар — Гарет Бэйл, Аарон Рэмси, Киффер Мур (2тадан гол)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижаси — яримфинал (2016)

Уэльс бош мураббийи

2020 йил ноябрида Уэльс терма жамоаси бош мураббийи Райан Гиггз бир аёлга тажовуз қилиб, тан жароҳати етказгани бўйича айблов туфайли ишдан четлатилганди. «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ футболчиси ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган, аммо бу унга ўз лавозимини сақлаб қолишга ёрдам бермаган. Безорилик иши бўйича тергов давом этмоқда, бош мураббий вазифасини эса Гиггзнинг ёрдамчиси— Роберт Пейж бажармоқда. У жамоага жиддий ўзгартириш киритмади, унинг бошқаруви даврида уэльсликлар Миллатлар лигасидаги икки ўйинда икки ғалабага эришиб, бунинг эвазига А дивизионга кўтарилишди. ЖЧ-2022 саралаши стартида Уэльс Бельгияга ютқазди (1:3) ва Чехияни мағлуб этди (1:0). Жамоани Европа чемпионатига Пейж олиб келди, Гиггз эса унга маслаҳатчилик қилади.

Асосий юлдузлар

Уэльсликларда ҳам яхшигина авлод шаклланди, аммо етакчилар ҳамон аввалги авлод вакиллари. Уэльс терма жамоаси ўйини ҳамон Аарон Рэмси ва Гарет Бэйлга кўп даражада боғлиқ. Уларнинг иккиси ҳам «Ювентус» ва «Тоттенҳэм»да мавсумни жуда зўр ўтказа олишмади, аммо у уэльслик мухлислар фахрий футболчилар терма жамоа либосида кучлироқ ўйин намойиш этишига умид қилишмоқда. Евро-2016 турнирида уларнинг иккиси ҳам юқори спорт формасида эди, Уэльс сенсация кўрсатиб яримфиналга қадар етиб борган, Рэмси эса ҳатто УЕФА талқинига кўра турнир рамзий терма жамоасидан ўрин олганди.

«Тоттенҳэм»даги бир йиллик ижарадан кейин «Реал»га қайтадиган гольфсевар вингер учун бу турнир жуда муҳим. Гарет севимли устозларидан бири Анчелоттига мадридликлар асосий таркибида ўйнай олишини исботлашга ҳаракат қилади.

Таркиб

Таркиб асосини АПЛ ва Чемпионшипда ўйнайдиган футболчилар ташкил этади. Дарвозада «Кристал Пэлас» ва «Лестер»да захирада ўтирадиган Ҳеннесси ҳамда Уорд бор. Ҳимояда «Тоттенҳэм»дан икки киши – Бен Дэвис ва Жо Родон, «Ливерпуль» қанотида ҳаракат қиладиган ёш ҳимоячи Неко Уильямс асосий футболчилардир. Яримҳимоя марказида Аллен ва Рэмси каби тажрибали футболчилар ўйинни ташкил этишга масъул, ҳужумда сўнгги йиллардаги энг яхши мавсумини ўтказган Бэйл, «МЮ»да захира ўйинчисига айланган Жеймс, шунингдек, аслида «Ливерпуль»га тегишли бўлса-да, ижарама-ижара юрадиган Ҳарри Уилсонни кўриш мумкин. 

Турнир старти арафасида Уэльс терма жамоасининг оптимал таркиби қуйидагича кўриниш олади.

Оптимал таркиб: Уорд – Родон, Мефам, Дэвис – Рэмси, Ампаду – Н.Уильямс, К.Робертс – Бэйл, Жеймс, Мур.

Уэльс: Евро-2020 учун прогноз

Уэльсликлар тўрт йил муқаддам Европа чемпионатида ҳозирги гуруҳдошларидан яхшироқ натижа қайд этиб, яримфиналга етиб боришган, аммо ҳозирда бундай муваффақият такрорланиши эҳтимоли жуда кам. Уэльсга мутахассислар томонидан гуруҳ аутсайдери сифатида қаралмоқда. 

Гуруҳдаги рақиблар кучли, Уэльс эса амалда бош мураббийсиз ўйнашига тўғри келади. Турнир бошланиши арафасида бу терма жамоа А квартетидаги энг кучсиз жамоа бўлиб кўринмоқда.

Уэльс гуруҳдаги барча баҳсларда иккинчи жамоа бўлиб ўйнайди ва қарши ҳужумлар ёки иккинчи қаватдаги устунликлар эвазига натижага эришишга уриниб кўради. Шунингдек, уэльсликларга тақвим ҳам қулай келган – жамоа Италия билан сўнгги турда тўқнашади.  

Уэльсликларда учинчи ўрин билан плей-оффга чиқишга умид бор. Агар 46 ёшли мутахассис бир текис бўлмаган таркиб билан гуруҳдан чиқа олса, буни ижобий натижа сифатида баҳолаш мумкин. 

ШВЕЙЦАРИЯ

  • ФИФА рейтингидаги ўрни — 13
  • Евро-2020га йўл — 5 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият, тўплар нисбати — 19-6
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар — Седрик Иттен (3 гол)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижа — 1/8 финал (2008)

Швейцария бош мураббийи

Владимир Петкович Швейцария терма жамоасини 2014 йилги жаҳон чемпионатидан кейин қабул қилиб олган. Болқон мутахассис бошқаруви даврида жамоа мунтазам равишда йирик турнирлар плей-оффида иштирок этиб келади. Ҳатто 2019 йилги Миллатлар лигаси А дивизионида швейцарлар яримфиналга чиқишган ва якунда турнирда 4-ўринни эгаллашганди. Евро-2020га Петкович Швейцарияни гуруҳдаги биринчи ўрин билан олиб келмоқда.

Асосий юлдузлар

Швейцария термаси — яққол етакчилар ажралиб қолмаган мустаҳкам жамоа. Жамоанинг саралаш ўйинларидаги энг яхши тўпурари атиги икки ўйин ўтказган, якунда Европа чемпионати учун заявка қилинмаган «Рейнжерс» яримҳимоячиси Седрик Иттен бўлгани ҳам буни исботлайди.

Фахрий футболчиларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин — дарвозабон Ян Зоммер, яримҳимоячилар Жердан Шақири ва Гранит Чака. Бу учлик терма жамоада қарийб 10 йилдан буён бирга ўйнаб келади, улар йирик турнирларда катта тажриба тўплашган, айнан улар асосий юлдузлар мақомида.

Таркиб

Дарвозани бир ўйинда Серхио Рамоснинг 2та пенальтисини қайтарган Зоммер қўриқлайди. Ҳимояда Бундеслигада ўз жамоаларида асосий таркибда ҳаракат қиладиган Аканжи, Мбабу ва Эльведини, «Ньюкасл»да бош билан голлар уриб турадиган Шерни, чап қанотда тажрибали Родригесни кўриш мумкин. Яримҳимояда турнирнинг энг ёш сардорларидан бири Чака, «Аталанта»да порлаган Фройлер, чиройли голлар уришга ўрганган ва креатив Шақири, шунингдек, Германия чемпионатида ёрқин ўйинлари билан кўзга ташланиб турадиган Соу ва Закария бор. Ҳужумдаги тажрибали Меҳмеди ва Сеферович, иқтидорли Эмболо ҳар қандай ҳимояга ташвиш туғдира олишади. 

Оптимал таркиб: Зоммер – Родригес, Аканжи, Эльведи – Цубер, Мбабу – Чака, Фройлер, Шақири – Сеферович, Эмболо.

Швейцария: Евро-2020 учун прогноз

Швейцарлар йирик турнирлар гуруҳ босқичида гранд жамоалардан очко тортиб олишни одат қилган (ЖЧ-2018да Бразилия 1:1, Евро-2016да Франция 0:0, ЖЧ-2010да Испания 1:0). 

Швейцария ва Туркия сўнгги турда плей-оффга тўғридан тўғри йўлланма учун ўзаро курашиши кутилмоқда. Швейцарияликларда тажриба бор, талантли футболчилар эса туркларда кўпроқ. Кўп эҳтимол билан, Владимир Петкович жамоаси катта турнирда яна бир бор 1/8 финалда ўйнайди ва шу босқичдан ортга қайтади.

Евро-2020: А гуруҳи тақвими

11 июнь
00.00 Туркия — Италия (Рим)

12 июнь
18.00 Уэльс — Швейцария (Боку)

16 июнь
21.00 Туркия — Уэльс (Боку)
00.00 Италия — Швейцария (Рим)

20 июнь
21.00 Италия — Уэльс (Рим)
21.00 Швейцария — Туркия (Боку)

Умуман олганда, А гуруҳида яққол аутсайдер йўқ. Катта эҳтимол билан 3-турдан сўнг бу гуруҳда очкосиз жамоани учратмаймиз. 

Мавзуга оид