Олимлар коронавирусни бошдан кечирганларда умрбод иммунитет шаклланиши мумкинлигини айтишмоқда
COVID-19 билан касалланган одамларда шундай барқарор иммунитет шаклланадики, бу тузалиб чиққан беморни бир неча ўн йил мобайнида касалликка қайта чалинишдан ҳимоялаши мумкин. Ҳатто бемор касалликнинг нисбатан енгил шаклини бошдан кечирган бўлса ҳам.
Бундай кутилмаган хулосага бир пайтнинг ўзида америкалик икки олимнинг тадқиқотларидан сўнг келинди. Биринчиси Сент-Луисдаги Вашингтон университети (Миссури штати) иммунологининг тадқиқоти бўлиб, шу ҳафта Nature журналида чоп этилди. Иккинчиси Нью-Йоркдаги Рокфеллер университети молекуляр биология лабораторияси жамоаси томонидан ёзилган. Бу мақола ҳали илмий ҳамжамият томонидан текширувдан ўтмади ва ҳозирча препринт шаклида нашр қилинди.
Охирги дамларгача коронавирус инфекциясига қарши иммунитет кўпга чўзилмайди деб ҳисоблаб келинди. Бундай хулосага олимлар кўплаб текширувлар ўтказиб келишган эди. Текширувлар аксар пациентлардаги қондаги специфик антитаначалар концентрацияси тузалгандан бир неча ой ўтиб бирданига тушиб кетишини кўрсатган эди.
Кўплаб мутахассислар самарали иммун ҳимояси тахминан 1,5-2 йил давом этади деб баҳолашган эди. Бинобарин янги текширувларнинг натижалари улар учун ёқимли янгилик бўлди.
Умуман олганда, BBC’га жавоб берган мустақил экспертлар янгиликка ҳиссиётсиз ёндашишни ва эрта қувонмасликни маслаҳат беришмоқда. Алалоқибат, илмий адабиётда коронавирус билан такрорий касалланиш бўйича бир неча ҳолатлар қайд этилган. Бир умрлик иммунитет эса – ҳақиқатга яқин бўлса-да – ҳозирча назария бўлиб қолмоқда.
Душман юзини эслаб қолиш
Специфик иммунитетни (яъни, аниқ бир касалликдан ҳимоя қилувчи) танамизда нафақат қондаги антитаначалар балки Т-хотира ҳужайралари ҳам таъминлайди.
Янги, номаълум инфекцияни учратгач ва унга мос калитни танлаб олгач, лимфоцитлар зараркунандани эслаб қолади ва такрорий шикастланишда керакли шаклда нейтраллаштирувчи антитаначаларни ишлаб чиқара бошлайди ҳамда тезкор ва самарали иммун жавобини беради.
Сент-Луисдаги Вашингтон университети Тиббиёт мактаби олимлари коронавируснинг енгил шаклини бошдан кечирган 77 беморнинг (уларнинг 6 нафаригина касалхонага ётган) қони ҳолати ва ўзгаришларини қарийб бир йил давомида кузатиб боришган.
Шу муддатнинг қарийб барча даврида беморга касаллик билан курашишда мадад берган ҳимоя антитаначалар концентрацияси пасая бошлаган: аввалига жуда тез (ўртача тузалгандан сўнг тўрт ойлар ўтиб), кейин эса секинроқ.
Бироқ тадқиқотнинг асосий муаллифи, иммунология бўйича профессор Али Аллабодийнинг айтишича, антитаначалар даражаси қаергадир келганда пасайишдан тўхтаган ва текисликка чиққан. Коронавирус ҳақидаги ахборотни сақловчи хотира ҳужайралари фаолликни сақлаб қолган ва беморга зарур бўлган қандайдир минимал даражадаги ҳимоя молекулаларини қўллашда давом этган.
«Биз пациентларда касаллик симптомлари маълум бўлгач, орадан 11 ой ўтиб [Sars-Cov-2 вирусига қарши] антитаначалар ишлаб чиқарувчи ҳужайраларни аниқладик. Бу ҳужайралар пациент танасида яшашда давом этади ва у ҳаёт экан зарур антитаначаларни ишлаб чиқараверади. Демак, иммунитет узоқ давом этади», дейди Али Аллабодий.
Қоннинг оддий таҳлилларидан ташқари йигирма нафар пациентдан олимлар тадқиқот учун мия тўқималаридан намуна олишди: аввалига касалликдан 7-8 ой ўтиб, кейин бир йил ўтиб. Хотиранинг ковид антитаначалари ишлаб чиқаришга дастурланган специфик Т-лимфоцитлари 19 намунанинг 15тасида аниқланган.
Назорат гуруҳи таҳлилларида (аниқроғи вирус билан касалланмаган одамларда) вирусга қарши «тайёрланган» ҳужайраларни аниқлаш имкони бўлмади.
«Чекланмаган муддат»
«Агар коронавирус беморда енгил шаклда ўтадиган бўлса, шикастланишдан 2-3 ҳафта ўтгач тестлар унинг танасида вирус мавжудлигини кўрсатмай қўяди», дея эслатади профессор Аллабодий. Бинобарин, аниқланган хотира ҳужайралари «яп-янги» иммун жавоби бўлиши мумкин эмас.
«Мия суяги тўқимасида улар ўзига хос уйқуда бўлади ва қандайдир миқдорда антитаначалар ишлаб чиқаришда давом этаверади. Улар пациент тузалишидан аввал шундай бўлган – ва буни чекланмаган муддатда бажаришда давом этишади», деб тушунтиради профессор.
Nature нашридаги мақола муаллифларининг сўзларига қараганда, мантиқан эмланиш натижасида шаклланган иммунитет ҳам шундай хусусиятга эга бўлади. Шунингдек, коронавирусни ҳеч қандай симптомларсиз ўтказган беморлар ҳам шундай узоқ ҳимоядан умид қилишлари мумкин.
Умуман олганда, коронавирусни оғир кечирганлар қанчалар ҳимояланганини аниқлаштириш керак. Оғир беморларда инфекцияга гипертрофияланган реакция амалда аутоиммун касалликка айланиб (цитокоин шторм деб номласа ҳам бўлади) организмни заифлаштириб, узоқ муддатли иммунитет шаклланишига тўсқинлик қилади деган версия ҳам мавжуд.
Тадқиқотга алоқаси бўлмаган мустақил экспертлар мақола муаллифларининг фаразларига қўшилишган, аммо узил-кесил хулоса қилишга шошилмасликка чақиришмоқда.
Лондон Империал коллежи иммунология профессори Дэнни Олтманнинг сўзларига кўра, америкалик олимларнинг иши иммун хотира – мўрт ва мураккаб тузилмаган эга материя эканини яна бир эслатди.
«Бир томондан қон зардобидаги антитаначалар даражаси тезда тушиб кетишини кўриб турибмиз ва бизни иммун ҳимоя узоқ давом этмайди деб тахмин қилишга мажбур қиляпти. Бошқа тарафдан қараганда эса, ушбу антитаначаларни ишлаб чиқаришга ўргатилган ҳужайралар яшовчанликни узоқ муддатга сақлаб қолади ва зарур пайтда яна конвейерни ишга тушириши мумкин», дея фикрлайди у.
«Улар қила олишганми, қила олишяптими ва қила оладиларми – улар ишга тушадими-йўқми, бу фараз курашлар орқали чинакам синовдан ўтмагунча била олмаймиз. Агар бу назария тўғри бўлса, масалан, камроқ эмланамиз», дея тушунтиради у.
Олтманнинг Рединг университети фармация мактабидаги ҳамкасби профессор Александр Эдвардснинг фикрида оптимизм камроқ. Охир-оқибат иммун тизимининг самарадорлиги нафақат антитаначалар адади ва уларни ишлаб чиқарувчи ҳужайралар мавжудлигига, балки вируснинг ўзига ҳам боғлиқ. Ахир вирус мутацияга учрашда давом этаверади.
«Бахтга қарши иммун тизими ҳужайраларининг ҳеч бир ўлчови бизга такрорий касалланиш бўлиш-бўлмаслигини аниқ тахмин қилиш имконини бермайди. Шунингдек, қачон қайта шикастланиш содир бўлиши, у қандай кечишини ҳам олдиндан айтиш мушкул», дея таъкидлайди профессор Эдвардс.
«Албатта иммунологларнинг маълумотлари муҳим ва бу ажойиб янгилик, бироқ бу бизга эпидемия қай тариқа ривож топиши борасидаги саволларга жавоб бермайди. Бу саволга фақат соғайиб кетган ва ҳали касалланмаган пациентлар устида ўтказилган мониторингга асосланган эпидемиологик тадқиқотлар жавоб бериши мумкин. Бу тадқиқотлар эса, ҳозирча такрорий касалланиш эҳтимоли борлигини кўрсатмоқда», дея фикрига якун ясаган профессор.
Мавзуга оид
22:25 / 30.06.2021
Коронавируснинг «ҳиндча» штаммида антитаналардан қочиш хусусияти аниқланди
04:11 / 04.03.2021
Коронавируснинг африкача штаммига қарши антитаналар қолган штаммлардан ҳимоялаши маълум қилинди
23:34 / 06.12.2020
Коронавируснинг антитаналардан “қўрқмайдиган” илк мутацияси аниқланди
10:22 / 28.10.2020