Ўзбекистон | 16:22 / 10.06.2021
6984
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирди. Музокараларда расмий делегациялар аъзолари, икки мамлакат вазирликлари ва йирик компаниялари, чегарадош вилоятлар раҳбарлари иштирок этди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли биродар мамлакатларнинг муносабатлари тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги даражасига кўтарилгани қайд этилган.

«Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан беқиёс ишларни амалга оширдик ва улар ўзаро муносабатларимиз солномасидан ўрин олди», дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Томонлар стратегик шерикликни кенгайтиришда қатътий экани ва бу борада аниқ чораларни кўришга тайёрлигини таъкидлашган.

Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, транспорт соҳасидаги ва ҳудудлар ўртасидаги шерикликни ривожлантириш, энергетика йўналишидаги улкан салоҳиятни самарали ишга солиш, маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Президент Шавкат Мирзиёев товар айирбошлашдаги ижобий суръатга қарамай, келгуси йилда уни икки баробарга кўпайтириш учун янги «ўсиш нуқталари»ни топиш муҳим эканини айтган.

«Шу мақсадда эркин савдо режимидан истисноларни бекор қилиш ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш масалаларини келишишни тез фурсатда якунлаш муҳим», деб таъкидлаган Ўзбекистон раҳбари.

Ўзаро товар етказиб бериш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, учинчи мамлакатларга биргаликда чиқиш имкониятларини излаш лозим.

Мирзиёев Ўзбекистон икки мамлакат ҳудудлари ва етакчи корхоналарининг саноат кооперациясини кенгайтиришдан манфаатдорлигини таъкидлаган.

«Муваффақиятли ҳамкорликнинг реал мисоллари ва истиқболга мўлжалланган аниқ режаларимиз бор.

Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистон автомобилларини йиғишни ташкил этиш, замонавий трансформаторлар ва қишлоқ хўжалиги ускуналарини ишлаб чиқариш, маиший техника ва қурилиш материаллари, калава ип ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, мамлакатларимиздаги бошқа қўшма лойиҳаларни тилга олиш лозим», деган Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан ташкил этилган қўшма инвестиция компанияси фаолиятини илғор хорижий тажриба асосида самарали йўлга қўйиш ҳамда унинг имкониятларидан лойиҳаларни илгари суришда максимал даражада фойдаланиш зарурлиги қайд этилган.

Икки мамлакатнинг улкан гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва сувдан фойдаланиш масалалари бўйича конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинган.

Етакчилар анъанавий фаол гуманитар алмашинувларни давом эттиришга келишиб олишган. Ўзбекистон раҳбари дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган қўшма маданий тадбирлар дастурини амалга ошириш, шунингдек, икки мамлакат ёшлари фестивалини ташкил этиш, Душанбе ва Тошкентда замонавий ўзбек ва тожик адабиётининг танланган асарлари - антологияларини нашр этишни таклиф этган.

Музокараларда замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш соҳасида, айниқса Афғонистонда юзага келаётган вазият асносида ҳамкорликни кучайтириш муҳим экани қайд этилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистон бўйича тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, уни минтақавий иқтисодий шерикликка фаол жалб этиш тарафдори экани таъкидланган.

Томонлар БМТ, МДҲ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорликни давом эттириш ва бир бирини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини тасдиқлашган.

Президент Имомали Раҳмон Тожикистон биродар Ўзбекистон билан ҳамкорликда эришилган бугунги юксак даражани қадрлашини, бунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг катта ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаган. Музокаралар чоғида келгуси ишлар учун режалар белгилаб олингани, уларнинг натижалари икки мамлакат стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш учун янги омил бўлиб хизмат қилишини қайд этган.

Мавзуга оид