Жаҳон | 17:10 / 11.06.2021
5960
2 дақиқада ўқилади

20 йил ичида биринчиси. АҚШда Альцгеймер касаллигига қарши дори тасдиқланди

АҚШ озиқ-овқат ва дори воситалари назорати бошқармаси (FDA) Альцгеймер касаллигига қарши адуканумаб препаратини тасдиқлади. Бу сўнгги 20 йилда илк бор содир бўлди.

Фото: Getty Images

Biogen компанияси ишлаб чиқарган препарат Aduhelm тижорий номи остида савдога чиқарилади.

Препарат энг кенг тарқалган қарилик деменцияси бўлмиш Альцгеймер касаллигининг симптомлари эмас, чуқур илдизларига таъсир қилади.

Адуканумаб инсон миясида қуйқалар ҳосил қилиб, ҳужайраларни шикастловчи ҳамда хотира, тафаккур ва мулоқот қилишда муаммо туғдирувчи амилоид оқсилини йўқ қилади.

Дунёда 30 миллиондан зиёд инсон Альцгеймер касаллиги билан оғрийди ва уларнинг аксари 65 ёшдан катталар.

Адуканумаб 80 ёшга етмаган ва касалликнинг бошланғич босқичидагилар учун мўлжалланган. Шунингдек, батафсил МРТ текшируви ёрдамида тасдиқланган аниқ ташхис ҳам керак бўлади.

Сўнгги 10 йилда Альцгеймер касаллигини даволаш учун юздан ортиқ даволаш воситалари синаб кўрилди, бироқ уларнинг бирортаси ҳам ўзини оқламади.

Адуканумаб – обиҳаёт эмас ва кўплаб шифокорлар унинг хусусиятлари борасида шубҳа билдиришмоқдв. Бироқ унинг АҚШда рўйхатдан ўтказилиши онкология ва кардиологияга нисбатан яхши молиялаштирилмайдиган деменция устида тадқиқотлар ўтказишга яхшигина туртки беради.

2019 йилнинг мартида адуканумабнинг уч минг киши иштирокидаги синовлари якуний босқичда тўхтатилганди. Ўшанда ҳар ой инъекция кўринишида олинадиган препарат плацебо билан солиштирилганда мусбат натижа бермаётганди

Бироқ ўша йилнинг охирида АҚШнинг Biogen компанияси маълумотларнинг катта ҳажмини таҳлил қилиб, катта дозаларда қабул қилинса, адуканумаб когнитив қобилиятлар сусайишини сезиларли даражада секинлаштиришини айтганди. 

Мавзуга оид