Ўзбекистон | 21:34 / 13.06.2021
14549
11 дақиқада ўқилади

Рақобатбардош сифатли таълимга қандай эришиш мумкин? — Халқаро тажриба ва Ўзбeкистон таълими

Шиддат билан ўзгараётган замонавий дунёда, ривожланган давлат мақомига етишиш учун аҳолининг билим савияси ва дунёқараши муҳим аҳамият касб этади. Бу эса мамлакатда таълим тизимининг тўғри компетенциялари, ҳаётий муҳим касб ва етук билимларни шахсий, ахлоқий ҳамда фуқаролик фазилатлари уйғунлигида ёшларга ўргатишни тақозо қилади.

Фото: KUN.UZ

Ривожланган дунёда устувор англо-саксон молия-иқтисод тизими етакчилари Буюк Британия, АҚШ, Канада ва Австралия каби давлатлар таълим тизими негизида ўқиш компетенцияси (ўқиб тушуниш асосида фикрлаш) ва математика ётади. Бошқа ривожланган давлатлар ҳам намуна сифатида ўзларининг таълим мезонида шу икки омилни асос қилиб олган.

Англо-саксон таълим моделидаги мактаб ва олийгоҳлар мустақил фикрлаш ва танқидий ёндашув асосида таълим беришни кўзлайди. Бунда математика аниқликни таъминлаб беради. Бу билан ўрганиладиган фан мавзусидаги ҳар бир матн ёки маълумотлар базаси тўлиқ ўрганилиб, фанларнинг икир-чикир маълумотлари таҳлил қилиниши натижасида, ўқувчи ва талаба кенг қамровли мустақил фикрлашга эга бўлади. Аниқроғи, ўрта ва олий таълим «дарслик маълумоти + қўшимча салбий ва ижобий жиҳатлари ҳақидаги маълумотлар + жорий-ҳаётий қўлланиши = шахсий хулоса» формуласи асосида тизимли тарзда олиб борилади. Натижада, олий таълим талабаси 1-курсдан охирги курсгача, ўз соҳасидаги барча фан маълумотларини мустақил ўқийди, танқидий ёндашиб, семинар дарсларида бошқа талабалар ва ўқитувчи хулосалари билан солиштириб, ўз соҳасининг етук кадрига айланади.

Аммо ривожланаётган давлатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам мактаб ва олийгоҳлардаги таълим чекланган маълумотга эга дарсликдаги ва ўқитувчи берган оз маълумотни ўқувчи ва талаба миясига сингдириш, яъни кўпинча ўқувчи ва талабалардан тушунмасдан ёдлаш талаб қилинади. Бунинг натижасида, уларда ўз соҳаси бўйича тушунарсиз ва амалий қўллаш учун заиф билим ҳосил бўлади. Шунинг учун ҳам фақат дарслик-китоб ёки ўқитувчининг чекланган маълумотлари асосидаги бундай дарс мактабда ва олийгоҳда зерикарли бўлади.

Охирги пайтларда Буюк Британия каби флагман давлатлардаги таълим кўрсаткичлари ўзининг анъанавий ижобий кўрсаткичларида турса-да, Сингапур, Жанубий Корея, Хитой ва Финландия давлатлари ўзларининг аъло таълим кўрсаткичлари билан ўзларига намуна қилиб олган флагман давлатлардан ўзиб кетмоқда. Бу жараён таълимни баҳолаш халқаро ташкилотлари PISA ва TIMSS рейтингларида ўз ифодасини топяпти.

Сингапур 1965 йил мустақил бўлганда, хароб давлат сифатида, ер танқислиги, табиий бойликлар ва аҳоли учун уй-жой йўқлиги ҳамда оммавий ишсизлик, шунингдек, ўз-ўзини таъминлай олмаслик каби муаммолар гирдобида бўлса ҳам, таълим бўйича 4та ислоҳот ўтказди.

Биринчи таълим ислоҳоти мустақилликнинг илк йилларидан – 1978 йилгача. Ислоҳот натижасида хитойча мактаблар ташкил этилди.

Иккинчи таълим ислоҳоти 1979-1996 йиллар амалга оширилди. Бунда Сингапур инглиз тилини таълимда устувор қилиб, таълим инглиз тилида ташкил қилинди. Шу 17 йиллик таълим ислоҳоти натижасида, дунё тан олган таълим тизими ташкил топди ва бу тизим Сингапур жаҳоннинг ривожланган давлатлар сафига киришига сабабчи бўлганини барча аналитиклар таъкидлашади.

Кейинги 3– (1997—2011) ва 4-ислоҳот (2012—2018)лар Сингапурни келажакдаги идеал давлат кўринишига олиб чиқишга хизмат қилди.

Жанубий Корея, ҳозирги кунда, IT соҳасида дунёда тенгсиз давлат, кичик ҳудудда 52 миллион аҳолиси билан дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири ҳисобланади. Бу ютуқлар асосан таълим ислоҳотлари натижасида бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Бу давлат 1948—1960 йилларда саводхонлик бўйича муаммоларга эга эди.

1961—1980 йилларда «Ўрта таълимни универсаллаштириш ва касбий таълимни кенгайтириш» ислоҳотлари Жанубий Кореядаги саводхонлик муаммоларини ҳал қилганидан кейин 1981—1997 йилларда «Олий таълимни кенгайтириш ва юқори малакали ишчи кадрлар тайёрлаш» ислоҳоти ва 1998 йилдан ҳозиргача давом этаётган «Таълим креативлик ва high-tech сифати учун» таълим ислоҳотларини бошдан кечирди. 1981—1997 йилдаги 16 йиллик таълим ислоҳоти корейс халқи ҳаётини тубдан ўзгартирган бўлса, охирги ислоҳот уни дунёда IT ва яратувчанлик бўйича 1-ўринга олиб чиқди.

Охирги икки ислоҳотда инглиз тили таълимга воситачи сифатида қўлланди ва 2010 йилда корейс университетларининг бешдан икки қисмида дарслар тўлиқ инглизчада ташкил этилди.

Хитой 1998—2017 йилларда 900 минг талабасини дунёнинг нуфузли университетларига ўқишга юборди. Натижада, шу кадрлар Хитой олийгоҳларида ўзларидек кадрларни тайёрлаш учун ва халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаол хизмат кўрсатмоқда. Хитой дунёда энг кўп таълим олувчи контингентга эга (ҳар йили 8 миллион битирувчи) бўлса-да, таълим соҳасида керакли ва самарали ислоҳотлар қилишни эпламоқда ва инглиз тилини ўргатиш бўйича жуда кўп рекордларни янгиламоқда.

Скандинавия мамлакатлари, айниқса, Финландия мактаб таълим тизимида таълимдаги замонавий ва янги ислоҳотлар орқали дунёдаги энг яхши халқ таълими тизимига эришди.

Финн мактаби тизимининг инқилобий ислоҳотлари қуйидагилар:

1) ўқитувчиликка фақат магистр даражасига эга мутахассисларни қабул қилиш;

2) таълимда ҳеч қанақа стандарт тестларнинг йўқлиги;

3) таълимда рақобат эмас, балки ҳамкорлик принципи;

4) ижтимоий тенгсизликни мувозанатлаштирувчи таълим;

5) ҳамма ўқувчилар учун мактабдаги бепул овқатланиш;

6) соғлиқни сақлашнинг таълимдаги иштироки;

7) психологик маслаҳатлашувлар;

8) таълимдаги индивидуал ёндашув;

9) бемалол таълим вақти (9:00 – 14:00) ёки (9:45 – 14:45) – бу ўқувчи соғлиги, ўсиши ва руҳий хотиржамлигини таъминлайди;

10) барқарор таълим ва йўл-йўриқ бир хил ўқитувчилар томонидан берилиши;

11) стрессдан холи ва меҳрга тўла таълим муҳити;

12) вазифалар асосан мактабда бажарилиб, кам уй иши берилиши.

Таъкидлаш жоизки, таълимдаги ислоҳот омиллари қаторида халқаро мулоқот ва бизнес тили бўлган инглиз тилининг Финландия аҳолиси орасида оммалашиши ушбу давлат мактаб таълими бўйича дунёда энг зўр бўлишини таъминлаб келмоқда.

Дунё халқ таълими рейтингида тўртта энг зўр давлат билан Ўзбекистон қиёси (охирги йилларда энг устувор омиллар кўрсаткичида).

Юқоридаги давлатларнинг (16 йилдан 29 йилгача) давом этган ва нисбатан қийин кечган инглиз тилидаги флагман таълим ислоҳотлари тажрибасини таҳлил қилган ҳолда, Ўзбекистон менталитети, стратегияси ва имкониятларидан келиб чиқиб, ривожланган давлатлар қаторида муносиб ўрин эгаллашимиз учун ҳамда яқинда бошланган таълим ислоҳотларига қуйидаги тавсияларни бериш мумкин:

Биринчидан, мустақилликдан кейин, тарқоқ ҳолатдаги боғчаларнинг Мактабгача таълим вазирлигига бириктирилиши ҳамда мактабгача таълим мажбурий қилиниши бошланган таълим ислоҳотларининг фундаментал босқичи ҳисобланади. МТТларда болажонларга ўз она тилларида белгиланган саводхонлик (ўқиш ва ёзиш)ни ўргатиш билан бирга, хорижий тилда оддий мулоқот – тематик сўзлашув усулида гапириш ва тинглаш машғулотлари аудио- ва видеоқўлланмалар асосида ўргатилиши мақсадга мувофиқ. Чунки 3—6 ёшли болаларда эшитиш ва гапириш орқали маълумотни ўзлаштириш қобилияти жуда кучли бўлади.

Иккинчидан, ўрта мактаб таълимининг илк йилларидан, мустақил фикрлаш учун асос бўладиган ўқиш компетенцияси (ўқиш ва тушуниш тезлиги мутаносиблиги) мукаммал амалга оширилиши керак. Аввал бошланғич мактабда ўқувчиларнинг фақат ўқиш тезлиги баҳоланарди. Бу болаларда тушунмаса ҳам тез ўқиш тенденциясини мустаҳкам шакллантирган ва мустақил фикрлаш қобилияти учун катта зарба бўлган. Мантиқан олиб қараганда, ўқувчи хоҳлаган матнни қанчалик тез ўқимасин, аммо унинг мазмунини тушунмаса, бу унинг ўқиб уқмаслигини таъминлайди, холос.

Шу билан бирга, математика ҳам табиий усулда мотивацион йўл билан ўргатилиши керак. Шунда бола ўзининг ёшига мос исталган фан китобини ўқиб, тушуниб, у ҳақда мустақил фикр ифодалай олиши мумкин. Қийин матнлар учун математик мантиқий-аналитик ёндашув яхшироқ тушунишни таъминлайди. Бу ҳар бир фан учун энг муҳим талаб ҳисобланади.

8-синфгача ўқув дастуридаги ҳамма фанлар «ўқиб тушуниш асосида мустақил фикрлашга урғу бериб» ўрганилганидан кейин, 8-синф ўқув йили бошида 1 ёки 2 ой инглиз тили «0(Алифбе) дан Б2(5.5-6.5) компетент инглиз тили 30 кунда» дарслик китоби асосида ўргатилгач, математика, физика, кимё ва биология каби аниқ фанлар инглиз тилида олиб борилса, ўқувчилар ривожланган давлатлардаги мактаб таълимига мос жаҳон стандартлари бўйича билим олади. Яъни ҳозирги Президент мактабларида ўргатиладиган дарсликлар ва ўқув дастурини, шу 8-синф ўқувчилари мос равишда инглизчада ўқиб, ўзлаштиришлари мумкин бўлади. Бунга қўшимча тарзда, 9-10- ва 11-синфларда, касб маҳоратларини кўпроқ китобларда ёки видео ва бошқа турли иловалар кўринишида инглиз тилида амалий ўзлаштириб, келажак учун зарур касб-ҳунарларни ҳам эгаллашлари мумкин. Чунки инглиз тилида барча касблар бўйича инновацион ва мотивацион малака кўникмалари мавжуд.

Учинчидан, юртимиз олий таълимида бошланган ислоҳот – кредит-модул тизими асосида олий таълимни ташкил қилишда ўқув йили бошланишидан аввал «0(Алифбе) дан Б2 (5.5-6.5) компетент инглиз тили 30 кунда» дарслигини талабаларга ва профессор-ўқитувчиларга ўргатиб, сўнг олий таълимда оригинал кредит-модул тизимини йўлга қўйиш мумкин. Зотан, олий таълимдаги асл кредит-модул тизими талабанинг бир семестрда давлатимиз университетида олган билимларини кейинги семестрда худди шундай бошқа ривожланган давлат университетида тенг даражада ўқий олишини таъминлашга хизмат қилиши керак. Бу Халқаро олий таълим бўйича Болония тизимининг асосий талаби.

Агар талабаларимиз ва профессор-ўқитувчиларимиз юқоридаги дарслик ва «Б2 дан C2 (8.5-9) энг юқори даражадаги инглиз тили уч ойда» китобини ўзлаштиришса, ҳаётий муҳим соҳалар (медицина, қишлоқ хўжалиги, аниқ фанлар, иқтисодиёт, high-tech ва саноат каби йўналишлар) бўйича дунё рейтингида биринчи ўнталикка кирувчи университетлар филиаллари ёки аналогларини Ўзбекистонда флагман-университетлар сифатида очиб, мамлакатимиз олийгоҳлари илмий салоҳиятини уларнинг салоҳияти билан мувофиқлаштириш ва шу нуфузли флагман-университетлар орқали Ўзбекистонни дунёнинг олий таълим марказларидан бирига айлантириш имконияти ҳам пайдо бўлади. Бу ўз ўрнида, юртимиз учун ҳаётий муҳим етук кадрларни тайёрлашга ва хорижий талабалар бу олийгоҳларда таҳсил олишлари эвазига кўп фойда ва даромад олиб келишига хизмат қилади.   

Абдулазиз Ҳожиев, тилшунос, инглиз тили ўқитувчиси,
1997 йилги «Умид» стипендияси совриндори.

Мавзуга оид