Сурхондарёда хорижий компанияга тегишли кабелларни ўғирлаганлар ушланди
Сурхондарё вилояти Бойсун туманида хорижий компанияга тегишли кабелларни ўғирлаганлар ушланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2021 йил 15 май куни Бойсун тумани ИИБга ERIELL компанияси ходими Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи, А.Абдулло мурожаат қилган. У ўз мурожаатида туманнинг Кўлқамиш маҳалласи ҳудудидан ERIELL компаниясига қарашли 53 643 АҚШ доллари қийматидаги ҳар хил турдаги электр кабеллари ўғирлангани ҳақида хабар берган.
Қайд этилишича, ИИБ ходимлари томонидан кўрилган чоралар натижасида, ушбу ўғриликни шу туманда яшовчи А.Мамаюсуф, Т.Сафарали, Т.Дониёр, Ш.Шаҳзод, Т.Баҳриддин, Б.Шоҳруз, Х.Бахтиёр, Х.Шерзод, Х.Ойбек, Х.Фахриддин содир этгани аниқланиб, ушланган ва улардан кабеллар ашёвий далил сифатида олинган.