Ўзбекистон | 08:13 / 16.06.2021
6834
2 дақиқада ўқилади

Шоликорларга субсидиялар бериш тартиби тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Шоли экиш учун сотиб олинган замонавий уруғ сеялкалари ва кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.

Президентнинг "Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 2 февралдаги ПҚ-4973-сон қарори билан белгиланишича, 2021 йил 31 декабрга қадар шоли етиштириш учун шолини замонавий уруғ сеялкалари ҳамда кўчатлаб экиш ускуналарини сотиб олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сотиб олинган уруғ сеялкалари ва кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг 20 фоизгачаси Давлат бюджетидан қоплаб берилади.

Тасдиқланган Шоли экиш учун сотиб олинган замонавий уруғ сеялкалари ва кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом қуйидагиларни назарда тутади:

  • субсидиялар фақат талабгор томонидан сотиб олинган кунда ишлаб чиқарилганига бир йилдан ошмаган янги қишлоқ хўжалиги техникаси учун ажратилади;
  • талабгорлар субсидия олиш учун туман қишлоқ хўжалиги бўлимларига ёзма ёки электрон шаклда ҳужжатларни тақдим қилади;
  • шоли экиш учун сотиб олинган замонавий уруғ сеялкалари ва кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг бир қисмини қоплаб бериш учун ажратилган субсидиялардан мақсадли фойдаланишни ва тўловлар ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш Молия вазирлигининг давлат молиявий назорати департаменти томонидан амалга оширилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.06.2021 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид