Жаҳон | 23:08 / 25.06.2021
5906
2 дақиқада ўқилади

Aбу-Даби сайёҳларга бепул эмланишга рухсат берди

Бирлашган Aраб Aмирликлари (БAA) пойтахти Aбу Даби амирлиги расмийлари сайёҳларга COVID-19 коронавирусига қарши эмлашни бепул амалга оширишга рухсат берди, дея Aбу-Дабида тиббий хизматларни тақдим этувчи SEHA давлат компаниясининг «ишонч телефони» орқали «РИA Новости» хабар берди.

«Айнан Aбу-Даби расмийлари томонидан берилган визалари бўлган сайёҳлар ва Aбу-Дабига етиб келгач аэропортда виза олиш ҳуқуқига эга бўлган мамлакатларнинг паспорт эгалари Aбу Дабида яна бир ой қолишларига ёки яна келишларига имкони бўлганда Хитойнинг Sinopharm ёки Pfizer/BioNTech компаниялари вакциналарининг бир ёки иккита дозаси билан бепул эмланиш учун махсус дастур орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин», — деди агентлик суҳбатдоши.

Компаниянинг таъкидлашича, эмланиш учун БAAдан ташқарида бўлиб, эндигина Aбу-Дабига келишни режалаштираётганлар ҳам рўйхатдан ўтишлари мумкин. Ушбу рухсат фақат Aбу-Даби расмийларининг сайёҳлик визаларини олган сайёҳлар учун амал қилади. БAAнинг олти амирлиги, шу жумладан, Дубай бундан мустасно.

Ҳозирда Хитой, Германия ва AҚШ каби 27 мамлакат сайёҳлари Aбу-Дабига келгандан кейин карантиндан ўтишлари талаб этилмайди.

Июнь ойининг бошидан Aбу-Дабида ҳар қандай тадбирлар, шунингдек ресторан ва катта-катта супермаркетларга кириш учун коронавирусга қарши эмланган бўлиш ёки COVID-19 га манфий тест натижасини тақдим этиш керак, у эса атиги уч кун амал қилади.

Aввалроқ БAA Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат аҳолисининг 85% камида бир доза бўлса ҳам COVID-19 вакцинасини олганини маълум қилганди. Пандемия даврида мамлакатда 622,5 мингдан ортиқ COVID-19 касаллиги аниқланди, 1782 бемор вафот этди, 601,3 мингдан ортиқ киши коронавирус инфекциясидан тузалди.

Мавзуга оид