Ўзбекистон | 08:35 / 25.06.2021
4099
2 дақиқада ўқилади

Пора билан қўлга тушган МИБ ходимига ҳукм ўқилди

Фото: KUN.UZ

Пора талаб қилган Мажбурий ижро бюроси Мингбулоқ туман бўлимида бўлим бошлиғи ўринбосарига суд ҳукми ўқилди

2020 йилнинг август ойларида бўлимга туман давлат солиқ идораси томонидан «Муҳаммад бобур енгилмас транс» МЧЖга нисбатан 898 919 351 сўм қўшимча солиқни ундириш юзасидан ижро ҳужжати келиб тушган.

Ушбу ижро ҳужжатини назорат қилиш бўлим бошлиғи ўринбосари У.Р. зиммасида бўлган. «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддасига асосан жамиятнинг 898 919 351 сўм миқдоридаги солиқ қарздорлигини ундириш имконияти йўқлиги сабабли 2020 йил 21 сентябрда МИБ ижрочиси томонидан тамомлаш тўғрисида қарор қабул қилинган. 

Буни билган ҳолда У.Р. жамият раҳбари М.К. билан учрашиб, унга қарзларни тўлаши лозимлигини айтган, кейин пулга эҳтиёжи борлиги сабабли М.К.ни телефон орқали бўлимга чақирган ва у билан кўришиб ижро иши бўйича гаплашиб, ишини енгиллаштириб беришни сўраган. 3 000 доллар берса, ижро ишини тамомлаб беришини айтган. 

2020 йил 5 октябрда У.Р. 2000 долларни олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.
 
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Наманган туман суди томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, 2021 йил 5 февралдаги ҳукмига асосан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан айбли деб топилиб, 2 йил муддатга мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид