Тошкентга киришда авиақатновлар ва темир йўл қатновларига чеклов ўрнатилмаган — Транспорт вазирлиги
Сўнгги кунларда мамлакатда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётганлиги сабабли Республика махсус комиссиясининг қарори билан Тошкент шаҳрига киришда бир қатор чекловлар ўрнатилди.
Икки ҳафта давомида, яъни жорий йилнинг 28 июнидан 12 июлига қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобил) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш тақиқланади.
Kun.uz мухбирининг Транспорт вазирлиги ахборот хизмати орқали аниқлашича, Тошкентга киришда ўрнатилган чекловлар авиақатновлар ва темир йўл хизматига тегишли эмас.
“Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан пойтахтга киришда авиақатновлар ҳамда темир йўл қатновлари бекор қилинмаган. Ушбу транспорт воситаларида барча санитария ва эпидемиология тартиб-қоидаларига амал қилган ҳолда қатновни амалга ошириш мумкин”, дея маълум қилди вазирлик ахборот хизмати.
Шунингдек, Тошкент шаҳрига киришда чеклов қуйидаги ҳолатларга татбиқ этилмайди:
- Тошкент шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга;
- Тошкент шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) чет эл фуқароларига;
- даволаниш учун ташриф буюраётган шахсларга;
- Тошкент шаҳрида доимий фаолият кўрсатувчи ҳудудлардан келувчи шахсларга (иш жойи тўғрисида тасдиқловчи ҳужжат бўлган тақдирда);
- Тошкент халқаро аэропорти орқали хорижий мамлакатга учиб кетувчи шахсларга (авиачипта бўлган тақдирда);
- Ўзбекистон Республикасига турист бўлиб келган чет эл фуқароларига ва уларни олиб келаётган автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳамда агар гуруҳли жамоа бўлса, таржимон ёки туристик фирма вакилига;
- барча турдаги юк ташиш, шунингдек, қурилиш материаллари (қум, шағал ва бошқалар) билан боғлиқ ҳолларда, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳар қандай автотранспорт воситаларида ҳамда «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг почта жўнатмаларини ташиш билан боғлиқ ҳолларда;
- соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларига.
Мавзуга оид
20:30 / 28.09.2024
«Азимут» авиакомпанияси Россиядан Ўзбекистонга рейс очишни режалаштирмоқда
21:12 / 24.08.2024
Тошкентдан Москвага учган самолёт носозлик туфайли аэропортга қайтди
07:24 / 25.06.2024
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида мунтазам авиақатновлар сони ҳафтасига 100 тага етказилади
20:16 / 24.06.2024