Хитойга виза олиш: тартиб ва талаблар
UzbekLife учун тайёрланган ушбу мақолада Хитойга кириш визасини олиш тартиби, виза турлари ҳамда уни расмийлаштириш жараёни ҳақида тўхталамиз.
Илк цивилизация вужудга келган тарихий марказларидан бири
Хитой азал азалдан узоқ шарқнинг илк цивилизация вужудга келган тарихий марказларидан бири ҳисобланади. Ипак ва чой каби маҳсулотлардан ташқари кўплаб ихтиролар, хусусан, сейсмограф, компас, қоғоз ва порох айнан Хитойда яратилган.
Маълумот учун, Хитой ички ҳудудий бўлинишига кўра, 23 та провинция, 5 автоном округ, 4 та марказга бўйсунувчи шаҳар ҳамда махсус маъмурий туманлардан иборат. Қуруқликда 14 та давлат билан чегарадош.
Виза олиш талаблари
Хитой қонунчилигига биноан чет эл фуқаролари мамлакат ҳудудига кириши, чиқиши ва транзитни амалга ошириши учун визага эга бўлиши шарт. Мазкур визаларни бериш, уларнинг амал қилиш муддатлари, ташриф вақти узунлиги, шунингдек, визани бекор қилиш, виза беришни рад этилишига алоқадор масалалар билан Хитой элчихоналари ва консулликлардаги ваколатли шахслар шуғулланади.
Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси расмий сайти берган маълумотларга кўра, 2020 йил 7 декабрдан эътиборан, элчихона томонидан Хитой визаси берилиши учун аризачидан унинг биометрик маълумотлари (биометрик сурат ва бармоқ излари) олинади.
Қуйидаги шахслардан биометрик маълумотлар сўралмайди:
1. 14 ёшгача бўлган болалар ҳамда 70 ёшдан ошган шахслар;
2. Сўнгги 5 йил ичида биометрик маълумотлар топширган ва амалдаги паспортида Хитой визаси мавжуд шахслар;
3. Дактилоскопия (шахсдан бармоқ изи олиш ҳамда бу орқали шахсини аниқлаш) қилишга халал берувчи бармоқларида нуқсони ёки жароҳати бор шахслар.
Хитой визаси олиш жараёнини осонлаштириш мақсадида, ХХРнинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси томонидан виза олиш учун онлайн ҳужжатлар тақдим этиш ҳамда виза анкетаси онлайн тўлдириш имкониятлари яратилган.
Талаб қилинадиган ҳужжатлар
Барча виза талабгорларига:
1.Махсус онлайн-анкетани электрон шаклда тўлдириши ва нашр қилинган шакли;
2. Виза берувчи масъул шахс қабулига электрон шаклда ёзилиши шарт;
Шунингдек, белгиланган кунда аризачилар ўзлари билан:
1. Хорижга чиқиш паспорти (маҳаллий паспорт ҳам ёнида бўлиши зарур);
2. Тегишли банкдан ҳисобрақамида маблағ мавжудлиги тўғрисидаги маълумотнома (сафар мобайнидаги харажатлар кунига ўртача 100 АҚШ доллари ҳисобида);
3. Бориш келиш билети нусхалари;
4. Меҳмонхона брон қилинганлиги тўғрисидаги маълумотнома;
5. 2 дона биометрик рангли фотосурат (33х48, орқа фон оқ рангда);
6. Тиббий суғурта полиси каби ҳужжатлар билан консуллик биносига келишлари лозим.
Эътибор беринг! Элчихона томонидан қўшимчи ҳужжатлар сўралиши ҳам мумкин.
Виза турлари
Хитой визаларининг асосий қисми амал қилиш муддати 30 кундан 180 кунгача бўлиб, дипломатик виза, хизмат визаси, фахрий виза ҳамда оддий виза турларига бўлинади.
Оддий визалар:
- Туристик виза (L);
- Бизнес визаси (F);
- Таълим визаси (X);
- -Меҳнат визаси (Z);
- Журналистик виза (J);
- Транзит визаси (G);
Доимий яшаш учун (D) ҳамда бошқа турларига бўлинади.
Виза амал қилиш муддати, киришлар сони, мамлакатда қолиш муддатлари мазкур визанинг аҳамиятли қисмлари саналади. Виза муддати тугаган тақдирда янги виза расмийлаштириш зарур. Агарда хорижлик фуқаро Хитой давлатида эканлигида виза муддати тугаган бўлса, визани узайтириш масаласида маҳаллий ҳукумат органларига мурожаат қилиши керак. Бироқ, аризага рад жавоби берилганида виза эгасига жарима солиниши мумкин.
Аризачи томонидан тақдим этилиши сўралган сурат учун элчихона талаблари
Хитой давлатида деярли барча давлатлар учун виза тартиби мавжуд, бироқ, Хитой орқали транзит парвозини амалга ошираётган исталган хорижлик фуқаро, агарда у аэропорт биносидан чиқмасдан, 24 соат ичида бошқа давлатга парвоз қилса Хитой визасини олмаслиги мумкин.
Шунингдек, агар фуқарода Хитойда вақтинчалик ёки доимий яшаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома мавжуд бўлса, унинг виза олиши талаб этилмайди.
Бундан ташқари, Хитойнинг кўплаб давлатлар билан икки томонлама шартномалари мавжуд. Айнан мана шу шартномалар асосида шартнома тузилган давлат фуқароларига Хитойга визасиз кириш имтиёзлари берилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда тўлиқ маълумотларни ХХР элчихонаси ёки консулликларининг расмий сайтлари орқали олиш мумкин.
Қўшимча маълумот учун
Тибетга ташриф буюриш учун оддий турист визаси етарли, аммо қўшимча ҳужжат, яъни Тибет автоном округи Туристик Бюроси расмий рухсатномасини олиш талаб этилади. Мазкур рухсатномасиз Тибетга борувчи самолёт, автобус, поездга билет сотиб ола олмайсиз, агарда ўзбошимчалик билан автомобил орқали йўл олсангиз, исталган блокпостда сизни ҳибсга олишлари мумкин. Тибетга расмий равишда юқоридаги бюро ташкил этадиган турларга гуруҳ бўлиб (камида 5 киши) саёҳат қилиш ҳуқуқини сотиб олсангиз бўлади. Бундай тур учун рухсатномани Тибет автоном округи Туристик Бюросининг Пекин, Чэнду, Сиан, Шанхай, Синин, Сянган шаҳарларидаги филиалларида, шунингдек, Япония ҳамда АҚШдаги ваколатхоналарида сотиб олиш имкони бор.
Аслиддин Аннаев
UzbekLife колумнисти
Мавзуга оид
16:03
Хитойдаги дарёда дунёдаги биринчи қутқарувчи робот патруллик қилишни бошлади
20:08 / 10.11.2024
Хитойга тегишли марсоход Марсда қадимий океан изларини топди
17:55 / 10.11.2024
Хитой Филиппиннинг денгиз зоналарига оид қонунига жавобан патрулликни кучайтиради
15:18 / 10.11.2024