Ўзбекистон | 10:43 / 01.07.2021
3290
2 дақиқада ўқилади

Қидирувда бўлган бухоролик рецидив фирибгар Андижонда қўлга олинди

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди томонидан қидирув эълон қилинган рецидив фирибгар Андижонда қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 3-қисми «б» банди, 28, 211-моддаси 2-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, суд идораларидан яшириниб юрган шахс Андижон вилояти Избоскан туманида қўлга олинган.

Қайд этилишича, Бухоро шаҳар Сафедмўй кўчасида рўйхатда турувчи, муқаддам 2 маротаба (Жиноят кодексининг 168, 228-моддалари билан) судланган, 1991 йилда туғилган Р.О.га нисбатан жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан 2021 йил 3 июнь куни қидирув эълон қилинган.

Вилоят ИИБ ҳамда Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбири натижасида мазкур шахс Андижон вилояти Избоскан туманида яшириниб юргани аниқланиб, қўлга олинган. У тегишли тартибда Бухоро вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Мавзуга оид