Қийноқ – жамият танасидаги жирканч касаллик. Уни даволаш учун аввало шаффофлик керак
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, омбудсман Феруза Эшматова Kun.uz'га тақдим этилган мақоласида қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича қабул қилинган президент қароридаги муҳим жиҳатларни санаб ўтади.
“Amnesty International” халқаро ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирги пайтда қийноқлар ва одамларга нисбатан шафқатсиз муомала турлари жаҳоннинг камида 140 та мамлакатида қўлланилиши кузатилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, қийноқ инсонга узоқ муддатли психологик таъсирга эга бўлган, шахс сифатида йўқ қилишга қаратилган хатти-ҳаракат сифатида баҳоланади. Жароҳат, яраларни шифокор даволайди, бироқ у қийноқ оқибатларини тезда бартараф эта олмайди. Бунга анча кўпроқ вақт керак. Қийноқларни бошдан кечирган инсонлар қалбидаги мана шу битмас жароҳат билан узоқ йиллар яшашга мажбур бўладилар, чунки бундай иллатни унутиш қийин ва мушкулдир. Ҳаттоки 30 йил ўтгач ҳам уларга ҳали-ҳануз психологик ёрдам керак бўлиши мумкин.
Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори нафақат ушбу иллатни барвақт аниқлаш, бартараф этиш, балки қийноқдан жабр кўрган инсонларга ҳар томонлама ёрдам бериш ва уларга етказилган зарарни компенсация қилишга ҳам қаратилгани билан аҳамиятли.
Шу пайтгача ушбу иллатнинг олдини олиш ва бартараф этишда бу каби махсус ҳужжатлар қабул қилинмаган. Бу яна бир бор инсон ҳуқуқлари ҳимояси Ўзбекистон учун муҳим йўналиш эканлигидан дарак беради.
Шу ўринда айтиш керакки, қийноқ бу – жамият танасидаги жирканч касаллик. Уни даволаш учун аввало шаффофлик таъминланиши керак. Чунки айнан шаффофлик – қийноқларнинг барвақт олдини олишнинг таъсирчан воситаларидан бири.
Қарорда назарда тутилган бир қатор чоралар ҳам шунга қаратилган. Омбудсман ҳузурида Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларининг ташкил этилиши шулар жумласидан.
Шуниси эътиборлики, жаҳон миқёсида кўпгина давлатлар қамоқда сақлаш ёки мажбурий ушлаб туриш жойларига исталган пайтда боришлари мумкин бўлган янги институтлар фаолиятини йўлга қўйдилар. Жумладан, Россияда бу – жамоатчилик кузатув комиссиялари бўлса, Бразилияда бу – штатлар даражасидаги қийноқларнинг олдини олиш маҳаллий қўмиталари ҳисобланади, МДҲнинг айрим мамлакатларида эса жамоатчилик мониторинг гуруҳлари фаолият кўрсатади.
Қарорга кўра, Ўзбекистонда Омбудсман экспертлик гуруҳи негизида ташкил этилаётган Жамоатчилик гуруҳлари таркибига Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ экспертлари, тиббиёт ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари жалб қилинади.
Бунда, уларнинг мониторинг ташрифларини амалга ошириш учун касбий малакаси ва амалий билимларга эга бўлиши ҳамда гендер тенглиги таъминланиши ҳисобга олинади.
Аслида, ушбу гуруҳларнинг аҳамияти улкан. Чунки қийноқлар одатда яширилади, улар жамият учун ёпиқ жойларда содир этилади. Жабрланганлар улар дуч келган вазиятлар ҳақида гапиришга қўрқадилар. Мана шундай вазиятда жамоатчилик гуруҳлари керакли сигнални беришлари мумкин.
Қабул қилинган қарорнинг яна бир муҳим жиҳати борки, унда назарда тутилган чора-тадбирларнинг қонуний асосини таъминлаш белгиланган. Хусусан, қарорнинг 8-бандида Олий Мажлис палаталарига Жамоатчилик гуруҳларини шакллантириш, фаолиятини ташкил қилиш ва мониторинг ўтказиш тартибини назарда тутувчи қонун ҳужжатларини қабул қилиш топширилган.
Шуни ҳам тушуниш муҳимки, қийноқлар нафақат инсон, балки жамиятга ҳам жуда катта зарар етказади. Қийноқ, одамнинг бутун кейинги ҳаётига соя солар экан, унинг вайрон бўлган умри яқинларини ҳам изтироб чекишга мажбур қилади. Оқибатда кўмак бир эмас, бир нечта инсонга керак бўлади. Пировардида қийноқ оқибатлари бутун жамиятни издан чиқаради. Натижада мамлакат ривожлана олмайди, жамиятда тинчлик ва демократияга эришиб бўлмай қолади. Демак, қийноққа дуч келган инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини тиклаш – муҳим вазифа ва у аввало давлат зиммасига юклатилган. Шу жиҳатдан қарорда қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган. Унга кўра, қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартибини ишлаб чиқиш белгиланди.
Бу жуда муҳим, зеро, ҳар қандай жабрланувчи қийноқ ёки шафқатсиз муомала учун тезкор, адолатли ва тенг компенсация олиш ҳуқуқига эга. Бунда шафқатсиз муомаладан азият чеккан инсонга бериладиган компенсация ҳар қандай иқтисодий баҳоланиши мумкин бўлган зарарнинг ўрнини қоплаш учун етарли бўлиши лозим. Қолаверса, конпенсация қилиш тартибининг ишлаб чиқилиши ва амалга киритилиши келгусидаги эҳтимолий қонунбузарликларга нисбатан превентив ва тийиб турувчи таъсирга ҳам эга бўлади.
Албатта, қийноққа солинган шахсларнинг қадр-қимматини тиклаш мақсадида уларга етказилган зарарни ҳар томонлама компенсация қилиш жуда муҳим масала. Шундай бўлса-да, бу иллатни таг-томири билан йўқ қилишда аввало превентив, олдини олувчи омилларни кучайтириш янада муҳим аҳамият касб этади. Бунда энг зарур қийноққа солиш учун жавобгарлик белгиловчи нормаларни БМТнинг “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенцияси” талабларига мувофиқлаштириш мақсадида қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши белгиланди.
Бу эса қарорда ушбу иллатни йўқ қилиш бўйича белгиланган энг муҳим устувор вазифа – қийноқларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштиришга ва уларни муваффақиятли амалга оширишга хизмат қилади.
Феруза Эшматова,
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)
Мавзуга оид
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
18:53 / 11.10.2024
БМТ оиладаги зўравонликни тугатиш бўйича Ўзбекистон таклиф этган резолюцияни қўллаб-қувватлади
17:40 / 23.09.2024
Ўзгартирилган ҳукм ва суд залидан озодлик – ясама жиноятда айбланган аёл очиққа чиқди
07:36 / 01.06.2024