Жамият | 18:59 / 02.07.2021
2805
2 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда 80 сотих ерни 450 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушланди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 80 сотих ерни 450 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушланган. Бу ҳақда ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси хабар бермоқда.

Хабарда ёзилишича, 2021 йил 1 июль куни ИИВга Н.М. ариза билан мурожаат қилиб, унда Ш.С.га қонуний чора кўришни сўраган. Маълум қилинишича, Ш.С. Н.М.га юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Бўстонлиқ тумани, Чорбоғ қўрғони, «Бочка» туристик ҳудуд атрофидан дам олиш маскани қуриш учун мўлжалланган 80 сотих бўш ер майдонининг кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, 450 минг АҚШ долларига сотишини айтган. Сўнг, Н.М.дан бўнак (аванс) сифатида 20 минг доллар беришини талаб қилган.

Қайд этилишича, мазкур аризага асосан, шу куни ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида, Ш.С. Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Угам олма боғи кўчаси 82-уйда жойлашган дала ҳовлида ариза муаллифидан 20 минг долларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан, 1 июль куни Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бўстонлиқ тумани бўлими томонидан фуқаро Ш.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноий иш қўзғатилган. Жиноят процессуал кодекснинг 224-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда жиноий иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид