Самарқандда 1000 қути акциз маркаси бўлмаган сигаретни сотмоқчи бўлганлар ушланди
Самарқанд шаҳрида 1000 қути акциз маркаси бўлмаган сигаретни сотмоқчи бўлганлар ушланган. Бу ҳақда вилоят Божхона бошқармаси ахборот хизмати Kun.uz’га хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Самарқанд вилояти Божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан вилоят ҳудудида тамаки маҳсулотлари ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланувчи фуқароларни аниқлаш мақсадида олдиндан олинган маълумотга асосан тезкор тадбир ўтказилган.
Тезкор тадбир давомида Самарқанд шаҳри Чўлпон кўчасида фуқаро Н.Н. тадбир иштирокчиларига иккита катта ҳажмдаги қутиларда жами 1 000 қути (пачка) тамаки маҳсулотини сотмоқчи бўлганида тўхтатиб қолинган.
Дастлабки суриштирувда фуқаро Н.Н.га тегишли бўлган тамаки маҳсулотлари Ўзбекистон Республикаси акциз маркалари билан маркаланмаган, жами қиймати 10 миллион 500 минг сўмлик «Милано» ҳамда «Mond» номли тамаки маҳсулотлари экани маълум бўлган.
Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.