ОФК кубоги. «Насаф» туркман клуби билан Қаршида ўйнайдиган бўлди
ОФК Кубоги 1/8 финал баҳслари санаси ва мезбонлари маълум бўлди. Қаршининг «Насаф» клуби 1/8 финал ўйинини 25 август куни Туркманистоннинг «Аҳал» клубига қарши ўтказади. Туркман жамоаси ўйинни ўз майдонида қабул қила олмаслигини билдиргач, мезбонни аниқлаш учун қуръа ташлашга ҳожат қолмади ва ОФК ўйин Қаршида ўтишини маълум қилди.
1/8 финалдаги ғалаба Рўзиқул Бердиев жамоасини Марказий Осиё минтақаси ғолиби сифатида тўғридан тўғри яримфиналга олиб чиқади. Чунки жануб (Мальдив, Ҳиндистон, Бангладеш) ва АSEAN (Вьетнам, Таиланд, Камбожа, Филиппин) жамоалари ўртасидаги гуруҳ босқичи ўйинлари мезбон ҳудуд топилмагани ҳамда коронавируснинг авж олиши туфайли ўтказилмади.
ОФК мусобақаларни ўтказиш қўмитаси турнирни қаторасига иккинчи йил қолдиришни хоҳламади ва ўйинларни Жануб/ASEAN минтақаси клубларисиз давом эттиришга қарор қилди. Натижада энди чоракфинал бўлмайди ва «Насаф»да Қаршидаги ғалаба орқали яримфиналга йўл олиш имконияти пайдо бўлди.
«Насаф» «Аҳал»ни мағлуб этиб яримфиналга чиқса, 20 октябр куни Ҳонконгнинг «Ли Ман Уорриорс» клуби билан билан тўқнаш келади. Ғолиб бир ўйинда аниқланади ва мезбон қуръа ташлаш орқали маълум бўлади.
Қаршиликлар финалга чиққан тақдирда сафарда ҳаракат қилишади. 5 ноябр куни бўлиб ўтадиган ҳал қилувчи ўйин биринчи «сетка»да ғолиб бўлган араб жамоаси («Муҳаррақ», «Ал Аҳад», «Кувайт», «Ас Салт»дан бири) майдонида ўтказилади.
Маълумот учун, «Насаф» 2011 йил ОФК кубогида чемпион бўлган. Бу ўзбек клубларининг халқаро майдондаги ягона расмий чемпионлиги ҳисобланади.
Мавзуга оид
17:54 / 01.11.2024
«Насаф» – ўз тарихида илк бор Ўзбекистон чемпионига айланиб, Тошкент клубларининг 23 йиллик гегемонлигига чек қўйди
00:00 / 24.10.2024
ОЧЛ-2. «Насаф» Иорданияда мағлубиятга учраб, гуруҳида 3-ўринга тушди
21:16 / 02.10.2024
ОЧЛ-2. «Насаф» Марушичнинг дубли эвазига «Шабоб Ал Аҳли» устидан иродали ғалабага эришиб, пешқадамга айланди
20:11 / 20.07.2024